Германия Россия нефтидан бутунлай воз кечмоқчи – “Bloomberg”
Олам
−
16 Май 2022
6505Германия Европа Иттифоқи нефть импортига ҳамжамият миқёсида эмбарго қўйиш бўйича келиша олмаса ҳам йил охиригача Россиядан нефть импортини тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” немис ҳукуматидаги манбаларга таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Германия расмийлари муқобил етказиб берувчилар билан шартномалар тузишга ҳаракат қилмоқда. Ҳукумат яқин олти-етти ой ичида қолган логистика муаммоларини ҳал қила олишига ишончи комил. Манбаларга кўра, Германия канцлери Олаф Шольц бошчилигидаги Вазирлар Маҳкамаси Украинадаги махсус "ҳарбий операция"га жавобан Европа Иттифоқининг Россияга қарши жорий этган санкциялари доирасида ўз миллий режасини илгари суриш ниятида. Бироқ федерал ҳукумат нефть танқислигини қайси давлатлар орқали қоплашини аниқламади.
Хулоса ўрнида қайд этилишича, Шольцнинг Нидерландия Бош вазири Марк Рутте билан 19 майга режалаштирилган музокараларида, шунингдек, Қатар Амири Хамад бин Халифа Аль Тани билан 20 май куни Берлинда бўладиган учрашувда нефть эмбаргоси ва энергия хавфсизлиги асосий мавзулар бўлиши кутилмоқда.
Украинада уруш бошланганидан бери Германия аллақачон Россиядан импорт қилинадиган хом нефть улушини 35 фоиздан 12 фоизга камайтирди. Берлин хомашёнинг муқобил манбаларини ошкор этмаяпти.
2022 йил охиригача Россия нефтига эмбарго жорий этилиши Еврокомиссия раҳбари 4 май куни расман эълон қилган Европа Иттифоқи санкциялари олтинчи пакетининг бир қисми эди.
Норасмий маълумотларга кўра, Германия дастлаб эмбаргога қарши чиққан, аммо охир-оқибат уни қўллаб-қувватлашга қарор қилган. Бироқ, Венгрия очиқчасига Россиядан нефть импортини тақиқлашни қўллаб-қувватлашдан бош тортди.
“Bloomberg” агентлигининг ёзишича, Еврокомиссия Венгрия, шунингдек, Словакия ва Чехияга (ҳар учала давлат ҳам Россия нефтига қаттиқ қарам) эмбаргони кейинга суришни таклиф қилган. Венгрия Бош вазири Виктор Орбан эмбаргони май ойи охирида бўлиб ўтадиган ЕИ етакчилари саммитида муҳокама қилишни таклиф қилди.
LiveБарчаси