Германия Марказий Осиёни санкцияларга қатъий риоя қилишга чақирди

Олам

image

Германия Ташқи ишлар вазири Йоҳан Вадефул Марказий Осиё давлатларини Россияга қарши Европа Иттифоқи жорий этган санкцияларга тўлиқ риоя қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, айрим ҳолатларда минтақа давлатлари Россияга чекловларни четлаб ўтиш имконини бермоқда. Бу ҳақда у 11 февраль куни Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлари билан учрашув олдидан маълум қилган.

Вадефул Европа Иттифоқи Россиянинг “ҳарбий машинаси”ни жиловлаш мақсадида кенг кўламли санкциялар жорий этганини эслатган. У санкцияларни четлаб ўтишга уринишлар Москва томонидан олиб борилаётган урушни билвосита қўллаб-қувватлашини ва ЕИ хавфсизлигига таҳдид солишини билдирган.

“Бугун мен аниқ айтмоқчиман: санкцияларни четлаб ўтиш Россия Федерациясининг босқинчилик урушини қўллаб-қувватлайди”, деган у. 

Германия томони Марказий Осиё давлатларини бу масалада Европа Иттифоқи билан бир сафда туришга чақирган.

11 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Берлинда Вадефул билан музокара ўтказган. Унда стратегик ҳамкорликни кенгайтириш, савдо, энергетика ва минтақавий барқарорлик масалалари муҳокама қилинган. Томонлар иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва бўлажак саммитлар орқали ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ҳукумати Европа Иттифоқининг санкциялар сиёсатидан жиддий хавотирда эканини айтиб, бир томонлама чеклов чоралари Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ва минтақа давлатларининг европалик шериклар билан савдо, молиявий ва инвестициявий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаганди. Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда гумон қилинаётгани сабабли бошқа давлатлар, жумладан, Қирғизистон компаниялари ҳам Европа Иттифоқи ва АҚШ санкциялари остида қола бошлагани иддао қилинади.

Мусулмон Содиқ


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Германия Марказий Осиё санкциялар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг