Германия мамлакатдаги барча Эрон консулликларини ёпади
Олам
−
31 Октябрь
1975Бугун, 31 октябрь куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги Эронда Германия фуқароси қатл этилиши фонида мамлакатнинг ўз ҳудудидаги барча бош консулликларини ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда “Handelsblatt” хабар берди.
Қайд этилишича, икки фуқароликка эга бўлган Жамшид Шармаҳднинг қатл этилишига жавобан Германия федерал ҳукумати мамлакатдаги Эроннинг учта бош консуллигини ёпмоқда. ТИВ маълумотига кўра, бу Франкфурт, Гамбург ва Мюнхендаги дипломатик ваколатхоналарни қамраб олади, аммо Берлин шаҳридаги элчихона очиқ қолади.
Билдирилишича, Германиядаги бошқа давлатларнинг хорижий ваколатхоналарини ёпиш дипломатиядаги сўнгги чоралардан бири ҳисобланади. Охирги марта федерал ҳукумат 2023 йилда шундай чора кўрган ва ўшанда Россиянинг Германиядаги бешта бош консуллигидан тўрттасининг лицензиясини бекор қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия фуқаролигига эга бўлган эронлик Жамшид Шармаҳд Эрондаги ҳибсхонада қатл этилган эди. Шармаҳд Эрон пойтахти Теҳронда туғилган, аммо Германияда улғайган ва 2000 йилларнинг бошида АҚШга кўчиб ўтган. У ерда Эрон мухолифатининг сургундаги гуруҳларидан бирида фаол бўлган. Эрон Шармаҳдни мамлакат ҳудудида содир этилган террорчилик ҳужуми учун жавобгар сифатида айблаган. 69 ёшли Шармаҳд 2020 йил ёзида Дубайга қилган сафари пайтида Эрон ҳудудига мажбуран олиб кетилган. Шундан бери у якка тартибдаги қамоқда сақланган.
LiveБарчаси