Германия кўмирдан воз кечишни тезлаштирмоқда
Олам
−
18 Март 2023
5980Германиядаги “Яшиллар” партияси мамлакат 2030 йилгача, яъни миллий қонунчиликда белгиланган муддатдан саккиз йил олдин кўмир қазиб олишдан воз кечиши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 18 март куни “Süddeutsche Zeitung” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, бу ҳаракат иқлим мақсадларига эришиш учун зарур. Яшиллар мамлакат ғарбида бўлгани каби, Шарқий Германияда ҳам қўнғир кўмир қазиб олиш жойлари дастлаб режалаштирилганидан саккиз йил олдин ёпилиши керак, деб ҳисоблайди. Улар кўмир, нефть ва қазиб олинадиган ёқилғиларга иқлими нейтрал мамлакатда ўрин йўқ, деб билади.
“Хусусан, қўнғир кўмир иқлимга ниҳоятда зарарли. Биз Шарқий Германиянинг кўмир минтақалари аҳолиси учун хавфсизлик хоҳлаймиз”, дейди “Яшиллар” фракция раҳбари Катарина Дрёге.
Шунингдек, у давлатга таркибий ўзгаришларни шакллантирадиган, узоқни кўра оладиган сиёсат керак эканини қўшимча қилган. Фракцияга кўра, кўмирдан фойдаланишнинг давом этиши фақат зарар кўрган ҳудудлар учун ёлғон хавфсизликни яратади.
Манбага кўра, Германия ҳукумати мамлакатдаги иккинчи йирик кўмир ишлаб чиқарувчи LEAG раҳбарияти билан 2030 йилгача уни қазиб олишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Музокаралар Германия вице-канцлери, Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазири Роберт Хабекнинг ўтган ой LEAG компаниясига тегишли кўмир электр станцияларидан бирига ташрифи билан бошланган. Сиёсатчи ҳукуматнинг иқлим бўйича белгиланган мақсадларига эришиш учун кўмирдан эрта воз кечишга қаршилик кўрсатган компания раҳбари Тортен Крамер билан учрашган.
Маълумот учун, 2020 йилда Бундестаг 2038 йилгача кўмир энергетикасидан чиқиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган. 2022 йил октябрь ойида Германия ҳукумати Германиянинг RWE концерни билан 2023 йилгача ушбу турдаги ёқилғидан воз кечиш бўйича келишувга эришган. Ҳозир Германия ҳудудида фақат очиқ усулда қўнғир кўмир қазиб олинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь