Германия Хитойни Россия билан дўст бўлиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди
Олам
−
22 Июнь
8565Германия Иқтисодиёт вазири Роберт Хабек Россия билан дўстлик алоқаларида бўлиш қандай оқибатларга олиб келиши борасида Хитой ҳукуматини огоҳлантирди. Бу ҳақда у Хитой раҳбарияти мансабдори билан учрашувда маълум қилди.
Бугун, 22 июнь куни Роберт Хабек Хитой пойтахти Пекинда ХХР тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раҳбари Чжэн Шаньцзе билан учрашув ўтказган. Унда Хабек Европанинг хавфсизлик манфаатларига Украинадаги уруш бевосита дахлдор эканини таъкидлаб, Хитой раҳбариятининг Россия билан дўст тутиниши расмий Пекинга қандай таъсир қилиши ҳақида сўз очган.
“Агар бу уруш бўлмаганида ва Россия қўллаб-қувватланмаганда, биз хомашёга, техник маҳсулотларга боғлиқлигимизни таҳлил қилишда бошқача йўл тутардик. Бироқ, уруш аллақачон бизнинг тўғридан-тўғри муносабатларимизга салбий таъсир кўрсатмоқда”, деган Хабек.
У шунингдек, Хитой электромобиллари билан боғлиқ савдо можаросида Пекинни ушбу соҳани нотўғри субсидиялашда айблаган ва уни юқори божлар билан таҳдид қилган Европа Иттифоқи комиссиясининг хулосаларини жиддий қабул қилишга чақирган.
Хитой бунга жавобан Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган маҳсулотлар, жумладан чўчқа гўшти ва қўшимча маҳсулотларга қарши антидемпинг текширувини эълон қилди.
Учрашув якунида Роберт Хабек бозорларни изоляция қилишнинг номақбуллигини таъкидлади. Шунингдек, у, давлат ўз корхоналарига устунлик берувчи адолатсиз рақобатга йўл қўймаслигини ҳам билдирган. Хабекка кўра, Германия ҳам, Хитой ҳам бундан манфаатдор эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Хитой Ғазода ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйгани ҳақида хабар берилганди.