Германия II Жаҳон урушидан кейинги энг йирик армияни ташкил қилади – Орбан
Олам
−
08 Март
11810Жорий йилнинг 6 март куни Бельгиянинг Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммитида қабул қилинган Европани қайта қуроллантириш режаси Германиянинг қитъадаги энг катта армиясини ташкил қилишга олиб келади. Бундай ҳолат сўнгги бор Иккинчи жаҳон уруши даврида кузатилган. Бу ҳақда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан мамлакат Савдо-саноат палатасида иқтисодий масалалар бўйича чиқиш қилаётганда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, барча 27 аъзо давлат томонидан маъқулланган режа 800 миллиард евро миқдоридаги маблағ ажратилишини кўзда тутади. Бу маблағ Европа давлатларининг мудофаасини мустаҳкамлаш, қуролли кучларини такомиллаштириш ва ҳарбий саноатни ривожлантиришга йўналтирилади.
“Ушбу дастурга кўра, Германия армияси Европада энг катта бўлади. Бундай ҳолатни биз Иккинчи жаҳон урушидан бери кўрмаган эдик. Энди Россия ва АҚШ бунга қандай муносабат билдириши катта савол”, деди Орбан.
Унинг таъкидлашича, ушбу режа асосан ҳукумат кредитлари ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган. Бу эса миллий бюджетларнинг тан олинган чегарадан ортиқча дефицитга учрашига сабаб бўлиши мумкин.
“Бу Маастрих шартномасининг бузилиши ҳисобланади. Натижада бутун Европа Иттифоқи катта қарзга ботиши мумкин. Венгрия Конституцияси бунга йўл қўймайди, шунинг учун бу борада ҳали кўп баҳс-мунозаралар бўлади”, дея огоҳлантирди Орбан.
Маълумот учун, Ҳозирда Европадаги энг йирик армия Францияга тегишли бўлиб, у 200 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчига эга. Германия Қуролли кучларида эса 180 мингдан бироз ошиқроқ аскар хизмат қилади. Ушбу кўрсаткич бўйича Европада кейинги ўринларни Италия ва Буюк Британия эгаллайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бельгия Мудофаа вазири Тео Франкен жорий йилнинг 6 март куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашув чоғида у Киевга бир миллиард еврога яқин (1 миллиард доллардан ортиқ) ҳарбий ёрдам таклиф қилганини айтган эди.
LiveБарчаси
17 Июнь