Германия чечен қўмондони ўлдирилиши ортидан Россия дипломатларини уйига жўнатяпти
Олам
−
04 Декабрь 2019
9205Германия Берлинда Грузия фуқароси ўлдирилгани ва расмий Москва бу масала бўйича етарлича ёрдам кўрсатмагани сабабли россиялик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель НАТО саммитида маълум қилди.
“Биз тегишли чораларни кўрдик, негаки, бу қотилликни суриштиришда Россия етарлича ёрдам кўрсатмади”, деди канцлер.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Россия элчихонасининг икки ходими персона нон-грата деб эълон қилинган ва улар 7 кун ичида мамлакатни тарк этиши керак бўлади.
Меркель россиялик икки нафар дипломатнинг Германиядан чиқариб юборилишини Париждаги “норманд тўртлиги” саммити доирасида Россия Президенти Владимир Путин билан муҳокама қилиши мумкинлигини ҳам инкор қилмади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 23 август куни Берлинда Грузия фуқароси бўлган асли чеченистонлик Зелимхан Хангошвили ўлдириб кетилганди. Қотилликда гумонланган шахс қўлга олиниб, текширилганда Россия фуқароси эканлиги аниқланган.
Германия ТИВнинг расмий нотасида Россиядан ушбу иш бўйича бош прокуратурага барча зарур ёрдамни кўрсатиш сўралган.
Германия Хонгошвилининг ўлдирилиши Россия Федерацияси Ҳукумати ёки Чеченистон Республикаси раҳбарияти буйруғи билан содир этилган деб гумон қиляпти.
Россия ТИВ элчихонаси ходимларининг персона нон-грата деб эълон қилинишини жавобсиз қолдирмаслигини маълум қилди.
Германиянинг грузиялик Зелимхан Хангошвили қотиллигида Россиядан шубҳаланиши бежиз эмас. Гап шундаки, Хангошвили иккинчи чечен уруши вақтида федерал ҳарбийларга қарши жанг қилган, кейинроқ у Россияда терроризмда гумонланиб қидирувга берилган. Грузияда ҳам уни таъқиб қилишдавом этиб, жонига суиқасд қилингач, Европага кетган. У 2016 йилда Германияга келиб жойлашган.
Чечен дала қўмондони Аслан Масхадовнинг ўғли Анзор Берлинда Хангошвилининг ўлдирилиши Европада яшовчи барча чеченлар учун огоҳлантирув бўлганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил март ойида Россия Давлат разведка бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлиянинг Солсбери шаҳрида заҳарланганди. Британия Скрипаллар заҳаланишида Россияни айблаб, унинг дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборган. Россия ҳам Бирлашган Қиролликка шундай жавоб қайтарганди.
LiveБарчаси