Гендер тенглик бўйича эксперт: Транспорт ва Энергетика вазирликларида жуда кам сонли аёллар фаолият юритади
Интервью
−
01 Февраль 2020
5936Кеча, 31 январь куни Ўзбекистон Республикасида 2020-2030 йилларда гендер тенгликка эришиш стратегияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Йиғилишда Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси бош маслаҳатчиси Нодира Шотурсунова QALAMPIR.UZ мухбирига гендер тенглик масаласида дуч келинаётган муаммолар юзасидан ўз фикрларини билдирди.
“Республиканинг қайси соҳаларида аёллар ўрни ва роли кўрсаткичлари юқори ёки паст деган саволларга жавоб излашда бироз қийинчиликларга дуч келдик. Муаммоларга дуч келган вазирлик-идораларга тўхталадиган бўлсак, айнан аёлларимиз кам фаолият юритаётган ташкилотларни назарда тутишимиз мумкин.
Транспорт ва Энергетика вазирликларида жуда кам сонли аёллар фаолият юритади. Шунинг учун ҳам гендер тенглик тушунчасини уларга чуқурроқ сингдиришимиз ва улардан ушбу йўналишда фикрларини олишимиз озгина қийинчилик туғдирди. Айнан мазкур қийинчиликларни бартараф қилиш учун гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан семинар-тренинглар ташкил қилинди”, дейди Нодира Шотурсунова.
Унга кўра, гендер тенглик деганда, кўпчилик аёллар билан боғлиқ муносабатларни тушунмоқда. Лекин гендер тенглик бу жамиятда эркак ва аёлларнинг тенглиги ҳисобланади. Яна айримларда гендер тенглик деганда жамият ва оилада аёлларнинг устунроқ ҳуқуққа эга бўлиши деган йўналишдаги фикрлар пайдо бўлди. Аммо гендер тенгликни таъминлашдан асосий мақсад жамиятда аёллар ролини эркаклардек ошириш ҳисобланади. Шу билан бирга, оиладаги муносабатлар урф-одатлар, менталитетга содиқ ҳолда сақланиб қолиниши кераклигини тушунтирди масъул эксперт.
Эркаклар ва аёллар ҳуқуқларини тенг таъминлаш учун стратегия ишлаб чиқилиши керак бўлган. Ўтказилган муҳокама ҳам шунга бағишланган якуний босқичлардан бири бўлган. Лойиҳа масъуллари стратегияни ишлаб чиқишда бир қатор муаммоларга дуч келган. Асосий сабаб сифатида “гендер” атамаси жамият учун ҳали янгилиги тахмин қилинган.
LiveБарчаси