“Газпром” “Шимолий оқим”орқали газ етказиб беришни тўхтатди
Олам
−
31 Август 2022
11311Россиядан Германияга “Шимолий оқим” қувури орқали газ етказиб бериш бугун, 31 августга ўтар кечаси нол даражага тушиб кетди. Газ таъминоти 2 сентябрь куни тикланиши айтилмоқда.
Россия гази “Шимолий оқим” орқали етказиб бериладиган Германиянинг Nel ва Opal газ қувурлари операторларининг маълумотларига кўра, Германия шимолидаги Грайфсвальд шаҳридаги қабул пунктида газнинг жисмоний оқими биринчи ҳолатда тўлиқ тўхтаган, иккинчи ҳолатда эса бир неча марта камайган. Nord Stream AG қувури операторига кўра, 31 август эрта тонгда таъминот нолга тушган.
Аввалроқ, Россия давлат концерни “Газпром” Портовая компрессор станциясидаги ягона ишлаётган Trent 60 газ насос агрегати техник хизмат кўрсатиш ва режали профилактика ишлари учун 31 августдан 2 сентябрга қадар тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган эди. “Газпром”нинг ишонтиришича, Siemens мутахассислари билан биргаликда зарур ишлар олиб борилади ва таъмирдан сўнг кунига 33 миллион кубометр газ етказиб бериш қайта тикланади, бу газ қувури ўтказиш қобилиятининг қарийб 20 фоизига тенг.
Айни пайтда, Россия Канадада техник кўрикдан ўтказилган ва июль ойи ўрталаридан бери Германияда бўлган “Шимолий оқим” турбинасини Германиядан ҳалигача олмаган. Siemens Energy компанияси вакилининг сўзларига кўра, Москва ҳужжатларга ёпишиб олишда ва бемаъни талабларни қўйишда давом этмоқда.
Июнь ойида “Газпром” “Шимолий оқим” қувури орқали газ етказиб беришни кескин камайтирди. Россия компанияси буни Siemens газ турбинаси Канададаги таъмирдан сўнг ўз вақтида қайтарилмагани билан изоҳлади. 11 июлдан 21 июлгача эса газ қувурининг иккала тармоғи режалаштирилган таъмирлаш ишлари туфайли тўхтатилди.
LiveБарчаси