Харобалар остидаги Рамазон. Ғазодаги аёллар ҳайитга тайёрланмоқда
Олам
−
29 Март
2869Исроил томонидан давом этаётган ҳужумлар ва қаттиқ блокадага қарамай, Ғазодаги аёллар муқаддас Рамазон ойи тугаши муносабати билан Рамазон ҳайити олдидан болаларни хурсанд қилиш учун анъаналарини сақлаб, байрам пишириқларини пиширишда давом этмоқда. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида Ал-Ҳуроний мактабидан бошпана топган кўчирилганлар чекланган имкониятларга қарамай, маҳаллий маданиятнинг ажралмас қисми бўлган анъанавий Фаластин таоми – “каке” печеньесини тайёрлашни бошлади. Аёллар илгари Исроил бомбаларига учраган мактабнинг бир синфида байрам пишириқлари тайёрлаш учун бирга ишласа, бошқа бир синфда уларни лойдан ясалган печларда пиширмоқда. Болалар ҳам оналарига идишларни кўтаришда ёрдам бериш орқали байрамга тайёргарликда қатнашмоқда.
Байрам пишириқларини пишириш билан банд бўлган аёллар Исроил ҳужумлари ва блокадасини вақтинча унутганга ўхшайди. Бироқ улар қалбларида чуқур оғриқни ҳис қилишда давом этишларини айтмоқда.
“Биз яқинларимиздан кўпини йўқотдик. Байрам жуда ғамгин муҳитда ўтади. Биз ҳали ҳам азоб чекяпмиз. Блокада бизга катта азоб-уқубатлар келтирмоқда. Овқат пишириш учун газимиз йўқ. Ҳаёт учун зарур бўлган ҳеч нарса йўқ”, дейди лой тандирда пишириқ пишираётган Кавсер Ҳусайн “Анадолу” агентлигига.
У аёллар қўлидан келганини қилишга ҳаракат қилишаётганини, чунки Фаластин халқи ҳаёт ва муҳаббатга лойиқ эканини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, ғазоликлар шу куни ўз фарзандлари ва яқинларига озгина бўлса-да қувонч бағишламоқчи. Аёлларнинг айтишича, бу улар учун энг қайғули байрам, лекин унинг маъносини тушуниш ҳам муҳимдир.
Шунингдек, Кавсер Ҳусайн ғазоликларнинг табиий газдан фойдаланиш имконияти йўқлигини ва Рамазон ойида улар баъзан ифторга овқат тайёрлашга вақтлари бўлмаслигини эслади, чунки оловда овқат пишириш жуда узоқ давом этади.
Яна бир ғазолик аёл Умму Муҳаммаднинг айтишича, бу йил чегара дарвозалари ёпиқлиги ва газ йўқлиги сабабли улар аввалги байрамларга қараганда анча камроқ печенье пиширишга муваффақ бўлишди. Унинг сўзларига кўра, аёллар тайёрлаган печенье уч-тўрт оилагагина етади.
“Болалар байрамни мароқли ўтказиши учун барча саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Улар биздан байрамона либослар кутишади, биз эса уларни печенье билан юпатамиз”, дея таъкидлади фаластинлик аёл.
Маълумот учун, Ғазодаги инсонпарварлик инқирози кундан кунга кучайиб бормоқда, Исроил сулҳнинг 42 кунлик биринчи босқичи ва ҲАМАС билан асир алмашиш келишуви якунланганидан сўнг, 2 март куни Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказишни тўхтатишга қарор қилди.
Исроил армияси 19 январь куни кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишуви тугаганидан сўнг, 18 март куни эрталаб блокададаги Ғазо секторига интенсив ҳужумларни давом эттирди. Янгиланган ҳужумлардан буён 896 дан ортиқ фаластинлик, асосан кексалар, аёллар ва болалар ҳалок бўлди, 1984 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Ўт очишни тўхтатиш келишувини бузган Исроил, “янги ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифларни рад этиш”га жавобан ҲАМАСга қарши ҳарбий кучини ошириб ҳаракат қилиш ниятида эканини маълум қилди. ҲАМАС, ўз навбатида, Исроилни ваъдаларини бажармаганликда айблаб, мамлакат “Ғазо секторида Фаластин халқига қарши геноцид”ни қайта бошлаганини ва ўт очишни тўхтатиш бўйича воситачилар олдидаги мажбуриятларини бажара олмаганини айтди.
2023 йилнинг 7 октябрь куни Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари бошланганидан бери ҳалок бўлган фаластинликлар сони 50 минг 251 нафарга, ярадорлар сони эса 114 минг 25 нафарга етди.
Исроил фуқаролик инфратузилмаси ва шифохоналарни ҳам нишонга олиб, минтақада гуманитар фалокатга сабаб бўлди. Сув ва электр таъминотининг узилиши ва чегара ўтиш жойларининг ёпилиши Ғазода фаластинликлар дуч келган оғир шароитларни янада ёмонлаштирмоқда.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель