Ғазода халқаро тартиб қулади – Эрдўған
Олам
−
02 Март
5429Ғазо сектори халқаро тартиб ўзининг банкротлигини эълон қилган жойга айланди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анталиядаги 3-дипломатик форумда сўз очди.
“Ғазо секторида нафақат болалар, аёллар ва тинч аҳоли шафқатсизларча ўлдирилди, балки миллиардлаб одамларнинг халқаро тузумга, адолат ва қонунга бўлган ишончи йўқ қилинди”, дейди Туркия раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар "уруш эмас, балки геноцид қилишга уринишдир". Эрдўғаннинг фикрича, бирдамлик, адолат ва ишонч каби асосий тушунчалардан маҳрум бўлган ҳозирги халқаро тизим ўзининг минимал вазифаларини ҳам бажара олмаяпти.
“Кутилганидан фарқли ўлароқ, ХХI аср инқирозлар даврига айланмоқда, қоидаларга асосланган халқаро тартиб ўз маъносини йўқотмоқда ва у шиордан бошқа нарса бўлмай қолди”, дейди Туркия Президенти.
Эрдўған Ғазодаги босқиннинг биринчи куниданоқ Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаган Ғарб давлатлари “иккиюзламачилик сиёсати туфайли қон тўкилишига шерик” бўлганини қўшимча қилди. У пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатининг ташкил этилиши Фаластин муаммосини якуний ҳал этишнинг ажралмас шарти эканини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, Туркия бу борада масъулиятни ўз зиммасига олишга, жумладан, кафолат беришга тайёр.
"Халқаро ҳамжамият Фаластин халқи олдидаги қарзини фақат Фаластин давлати тузилгандан кейингина уза олади", дея таъкидлади у.
Президент Эрдўған халқаро ҳамжамиятни “Ғазо ва Фаластин масаласини чин дилдан қўллаб-қувватлашга” чақирди. У Ғазода гуманитар ёрдам учун навбатда турган фаластинликларни Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилишини “тинч аҳолига қарши қаратилган қабиҳ ваҳшийлик” деб атади. Президент Ғазо секторида тинч аҳоли қурбонлари сони ортганини ҳам қайд этди.
“Исроилнинг тинч аҳоли нишонларига атайлаб уюштирган ҳужумлари оқибатида шу кунгача 30 000 ғазолик, асосан болалар ва аёллар ҳалок бўлди. 70 мингдан ортиқ фаластинлик тан жароҳати олди, 2 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Биз халқаро институтлар, жумладан, глобал тинчликни таъминлашни ўз зиммасига олган БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Европа Иттифоқи ва бошқалар нақадар заиф ва самарасиз эканига гувоҳ бўлдик”, дейди Эрдўған.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь