Ғазода ҳалок бўлган ОАВ ходимлари 260 нафарга етди

Олам

image

2023 йилда Ғазода бошланган геноцид даврида 260 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фаластин Журналистлар уюшмаси хабар берди.

Ташкилот маълумотларига кўра, бу рақам оммавий ахборот воситалари фаоллари орасида қурбонлар сонининг хавотирли даражада ошганини кўрсатади. Халқаро Журналистлар Федерацияси ва бутун дунё бўйлаб оммавий ахборот воситалари ташкилотларидан вазиятга муносабат билдириш сўралган.

Уюшма воқеалар учун жавобгарликни Исроил режими ва унинг тарафдорларига юклаган ва халқаро ҳамжамиятни журналистларга қарши зўравонликни тўхтатиш ва жиноятчиларни халқаро судларда жавобгарликка тортиш учун амалий чоралар кўришга чақирган.

Қолаверса, кеча, 21 январь кунининг ўзида Исроил кучлари томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида Ғазода камида 11 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида икки нафар бола ва уч нафар журналист ҳам бор. Бу воқеалар урушдан жиддий зарар кўрган ҳудудда уч ойдан бери амал қилиб келаётган сулҳга путур етказаётган навбатдаги зўравонликлар сифатида баҳоланмоқда.

Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, Исроилнинг ҳаво ҳужуми марказий Ғазода кўчирилганлар лагерини суратга олиш учун хизмат топшириғида кетаётган уч нафар фаластинлик журналист бўлган автомобилни нишонга олган.

Журналистлар ҳалок бўлган ҳодисага изоҳ берар экан, Исроил армияси Ғазо марказида “ҲАМАС билан алоқадор бўлган учувчисиз аппаратни бошқарган бир нечта шубҳали шахслар” аниқланганини маълум қилган.

“Ушбу дрон ҳарбийлар учун хавф туғдиргани сабабли, Исроил мудофаа кучлари дронни ишга туширган шахсларни аниқ зарба билан йўқ қилди”, дейилади ҳарбий баёнотда.

Фаластин Журналистлар уюшмаси эса баёнотида ҳалок бўлган журналистлар “кўчирилганлар лагерларида тинч аҳолининг азоб-уқубатларини тасвирга олиш ва ҳужжатлаштириш мақсадида инсонпарварлик ва журналистик миссияни бажараётганини” таъкидлаган.

Уюшма уч журналист суратга олиш жараёнида дрондан фойдаланган-фойдаланмаганига аниқлик киритмаган. Маҳаллий журналистлар уларнинг фаолияти Ғазодаги Мисрнинг гуманитар ёрдамини мувофиқлаштириб борувчи Миср қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланганини билдирди. Миср хавфсизлик манбаси автомобиль мазкур қўмитага тегишли бўлганини тасдиқлаб, бироқ қўшимча тафсилот бермаган.

Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари Исроил 2023 йил 7 октябрь куни Ғазода ҳаво ва қуруқликдаги босқинни бошлагандан бери бугунга қадар 71 минг фаластинлик ҳалок бўлганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш бутун дунёда 2023 йилнинг августидан 2025 йилнинг май ойигача 163 нафар журналист ўлдирилганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг