Ғазо болаларини полиомиелитга қарши эмлаш 31 августдан бошланади
Олам
−
28 Август
1231Халқаро гуманитар ташкилотлар 31 август куни полиомиелитга қарши эмлашнинг биринчи босқичини бошлайди. Бу ҳақда Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти маълум қилди.
Билдирилишича, унинг давомида 640 минг бола эмланади.
“Бир қанча халқаро ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда эмлаш кампанияси 2024 йил 31 августдан бошланади ва етти кун давом этади. Бу Ғазо секторидаги 640 мингга яқин бола, жумладан, Хон Юнус ва Рафаҳдаги 200 минг болага ёрдам беради”, дейилади хабарда.
Жамият вакциналарни сақлаш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармасидан (UNICEF) тўртта махсус музлатгични олди – Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти омборлари Хон Юнус ва Рафаҳдаги дори воситаларини сақлаш учун асосий пункт бўлади.
16 август куни Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо секторининг марказий қисмида 10 ойлик чақалоқда полиомиелит касаллигининг биринчи тасдиқланган ҳолати қайд этилганини маълум қилди.
Бир неча соат олдин ЖССТ ва UNICEF қўшма баёнотида Ғазода полиомиелитга қарши икки босқичли эмлаш кампанияси август охири ва сентябрь ойларида ўтказилишини эълон қилган эди.
БМТ Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик 27 август куни БМТ Ғазо секторида эмлаш ишлари олиб бориладиган 11 та тиббиёт марказини ишга туширишга тайёрланаётганини маълум қилди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 640 мингдан ортиқ 10 ёшгача бўлган болалар эмланади.
LiveБарчаси