Газ нархининг ошиши. АҚШ нимадан хавотирда?
Олам
−
08 Январь 2022
15405Америка маъмурияти Россияга қарши қаттиқ санкциялар Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари иқтисодиёти учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Давлат департаменти ва АҚШ Молия вазирлиги мутахассислари шундай хулосага келган.
Таъкидланишича, Президент Жо Байден маъмурияти Украина атрофида вазият кескинлашган тақдирда, Вашингтон Москвага қўйишга тайёр бўладиган санкциялар тўплами бўйича бир қарорга келмаган. Расмийларга кўра, чекловчи чоралар Россия банк ва энергетика соҳаларига таъсир қилиши мумкин.
Бундан ташқари, Россияни қарз мажбуриятлари савдосига киришини чеклаш, Россияни халқаро банклараро ахборот узатиш тизимидан узиб қўйиш ва SWIFT тўловларини амалга ошириш ҳамда экспорт назоратини кучайтириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Манбаларга кўра, Байден маъмуриятининг айрим вакиллари Вашингтоннинг Москвага нисбатан қаттиқ чоралар кўриши АҚШнинг ўзига, қолаверса, иттифоқчиларига иқтисодий зарар етказиши мумкинлигидан хавотирда. Қайд этилишича, бу борада сўнгги ҳафталарда АҚШ Давлат департаменти ва АҚШ Молия вазирлигида камида иккита таҳлил ўтказилган.
Уларнинг натижаларига кўра, Россияга қарши энг қаттиқ санкциялар дунё бўйлаб иқтисодларга зарар етказиши, газ нархининг ошишига олиб келиши ҳамда Европанинг Россия билан савдо ва сармоявий алоқаларини бузиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, маъмурият Россияга қарши чораларнинг “салбий оқибатлари” Қўшма Штатларга “бумеранг” бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Маълумот ўрнида, кеча, 7 январь куни эрталаб АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украина атрофида вазият кескинлашган тақдирда ўз мамлакати ва иттифоқчилари жавоб қайтаришга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади. Хусусан, гап Россия Федерациясига қарши иқтисодий санкцияларни қўллаш, НАТО позициясини мустаҳкамлаш, шунингдек, Киевга ҳарбий ёрдамни давом эттириш имкониятлари ҳақида бормоқда.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида даъволар илгари сурилмоқда. Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, у бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини истисно этмаган ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.