Ғассоллар татуажни писка билан шилиб, ғишт билан ишқалайдими? 30 йиллик ювғувчи билан суҳбат
Интервью
−
11 Май 2021
56254Аёлларнинг сунъий гўзаллик воситалари – лаб ва тана ботекси, тирноқ учун лак ва шлак, қош, кўз, лаб ва тананинг турли жойларидаги татуажлари муқаддас Ислом динида жоиз саналмайди. Агар улардан бирини ўз танасида қўллаган аёллар вафот этгудек бўлса, қабрга қандай қўйилади? Улар ғассоллар томонидан ғишт билан ишқаланиб, тирноқлари омбир билан олиниб, ботекс қилинган аъзолари писка билан шилиб ташланиши ростми? QALAMPIR.UZ’нинг “Жим туринг” лойиҳаси галдаги меҳмони 30 йиллик тажрибага эга ғассол Салима Пўлатовага ушбу саволлар билан мурожаат қилинди.
“Энг аввало шуни айтаманки, бизнинг қилган ишларимизнинг сири ўзимиз билан кетиши керак.
Ботекст, татуаж каби нарсалар мусулмончиликка тўғри келмайди. Майли, замонавий ёшларимиз бундай нарсалардан фойдалансин, аммо ўша лакларнинг сувда ёки ацетонда ўчиб кетадиганини суришсин. Афсуски, ҳозирги қизларимизнинг лакларини ўчириб бўлмайди. Баъзан майит ювиш учун борганимизда маникюр, педикюр қиладиган гўзаллик салони ходималарининг келишини кутиб ўтирамиз. Келишгач, 15-20 дақиқа ҳалиги тирноқни ацетон билан ўраб қўйишади. Барибир охиригача тоза бўлмайди. Кейин омбирга ўхшаган қисқич билан кесиб олишади. Шунақа азобларнинг нима кераги бор? Шуни ўрнига илгари суриб келинган лаклар, хна, ўсма, қаламдан фойдаланишса, ювса кетади.
Мендан ҳам татуаж ҳақида, уни ғассоллар писка билан қириб ташлаши ёки ғишт билан ишқалаши ҳақида кўп сўрашади. Йўқ, биз жаллод эмасмиз. Бизда ҳам юрак бор. Иложи борича ўша майитга озор бермасликка ҳаракат қиламиз. Биз уларга қанчалик меҳр кўрсатсак, охиратда Аллоҳнинг ҳам, бандаларининг ҳам қаршисида юзимиз ёруғ бўлади. Аммо ғишт билан ишқалаш ва писка билан қириш ҳақидаги гаплар – ёлғон. Одатда бундай гапларни қўрқитиш учун гапиришади. Лекин бу нарса энг аввало инсоннинг юрагида бўлиши керак. Қўрқитгандан фойда йўқ”, дейди Салима Пўлатова.
Ғассол Салима Пўлатова билан тўлиқ видеоинтервьюни ҳозироқ юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси