Ғарбнинг босими остида қолган Беларусь нега ҳарбий салоҳиятга жиддий эътибор қаратмоқда?

Олам

image

Минскка қарши қаратилган ташқи иқтисодий тажовуз уни мудофаа қобилиятини кучайтиришга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда Беларусь Бош вазири Роман Головченко бугун, 23 июнь куни Минскда “Milex” халқаро қурол-яроғ кўргазмасининг очилишида айтиб ўтди.

“Дунёда юзага келган қийин вазият ва навбатдаги иқтисодий тажовузкор ҳаракатлар мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга эътибор қаратишга мажбур қилмоқда”, дейди Головченко.

Қайд этиш керакки, мамлакат Бош вазири ташқи иқтисодий тажовуз, деганда Ғарб томонидан Беларусга нисбатан қўлланилаётган санкцияларни назарда тутган. 

Бош вазир Беларусь совет ҳарбий-саноат мажмуасининг меросини беларуслик ишлаб чиқарувчиларнинг машаққатли меҳнати, истеъдоди туфайли сақлаб қолганини таъкидлаган.

“Давлатнинг технологик хавфсизлиги, айниқса мудофаа қобилияти каби соҳаларда, шубҳасиз, ниҳоятда долзарбдир. Бу, ҳатто, давлат суверенитетининг бир қисмидир. Технологик мустақилликни таъминлаш, импорт ўрнини босиш ва стратегик иттифоқчиларимиз билан саноат кооперациясини ривожлантириш ҳарбий-техник соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланмоқда”, дея таъкидлади Головченко.

Унинг қўшимча қилишича, Беларусь мудофаа-саноат мажмуаси давлатнинг энг муҳим вазифаларини ҳал қиладиган иқтисодиётнинг инновацион соҳасидир. Головченконинг сўзларига кўра, бугунги кунда Беларусь ҳарбий техникаси ва қуроллари нафақат мамлакат ёки унинг иттифоқчилари, балки дунёнинг турли минтақаларидаги мамлакатларнинг мудофааси ва хавфсизлигини ҳимоя қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги кенгаши 21 июнь куни Беларусь иқтисодиётининг еттита соҳасига қарши иқтисодий санкцияларни жорий этиш тўғрисида келишувга эришди. Қайд этиш керакки, Европанинг Беларусга қарши санкциялари тўртинчи тўплами мамлакатнинг 86 жисмоний ва юридик шахсларига қаратилган. 

Ушбу санкциялар тўплами 2021 йилнинг бошида тайёрланган. Бироқ Ryanair самолётининг Минск аэропортига мажбурий тарзда қўндирилгани ва мухолиф блогер Роман Протасевичнинг Беларусь махсус хизматлари томонидан ҳибсга олингани санкциялар тўпламининг амалиётга тадбиқ қилинишини тезлаштириб юборди.

Маълумот ўрнида, “Global Firepower” индексига кўра, Беларусь ҳарбий салоҳияти дунё давлатлари ичида 50-ўринда қайд этилган. Ундан бир поғона пастда, яъни 51-ўринда Ўзбекистон бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг