Ғарбда Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари тугаётгани маълум қилинди
Олам
−
29 Ноябрь 2022
5497Украина инфратузилмасига берилган оммавий зарбалар Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари тугашига олиб келгани маълум қилинди. Бу ҳақда австриялик эксперт Герхард Манготт Deutschlandfunk нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Россия Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа захираларини тугатиш учун инфратузилмага жуда кўп қанотли ва баллистик ракеталарни учирмоқда. Украина фақат битта нишонни йўқ қилиш учун кўплаб ракеталардан фойдаланади. Шунинг учун унинг “тўхтатувчилари” тугайди”, дейди у.
Мутахассис Ғарб давлатларини бу масалада бепарволик ва сусткашликда айблади.
“Ғарб Украина мудофаасининг ушбу компонентини қандай қилиб тезроқ ва яхшироқ мустаҳкамлаш ҳақида олдиндан ўйлаб кўриши керак”, деб қўшимча қилган Герхард Манготт.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳарбий кучлари жорий йилнинг 10 октябрь куни Қрим кўпригида содир этилган терактдан икки кун ўтиб, Украина инфратузилмасига ракета зарбаларини беришни бошлади. Украина ҳудудларида ҳаво рейдлари ҳар куни, кўпинча бутун мамлакат бўйлаб эълон қилинади.
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни эса яна бир катта зарба амалга оширилди. Киевда улар барча атом электр станциялари, иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектр станцияларининг аксарияти қувватсизлангани, аҳолининг катта қисми электр энергиясисиз қолганини айтишди.
Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба бир қатор давлатлар Украинага қурол сотишдан бош тортгани ҳақида гапирган эди. Унинг сўзларига кўра, улар сиёсий сабабларга кўра бундай қарорга келмоқда.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси