Ғарб Украинага йирик қуролларни бермасликка келишиб олди

Олам 12342
image
-

Франция Президенти Эммануэль Макрон Ғарб давлатлари Украинага айрим турдаги қурол-яроғлар, хусусан, ҳужумчи самолётлар ва танкларни бермаслик бўйича келишувга эришганини тасдиқлади. Бу ҳақда у украиналик журналистлар билан суҳбат чоғида айтиб ўтган. 

“Ҳозир норасмий келишув ҳақида гап кетяпти, аммо бу НАТО бўйича ҳамкорларнинг деярли расмий позицияси. Биз Украинага ўзини ҳимоя қилишда ёрдам беряпмиз, лекин Россия билан урушмоқчи эмасмиз”, дейди Макрон. 

Франция раҳбарининг сўзларига кўра, Киев ушбу келишувлардан хабардор.

Айтиш жоизки, Украинага қурол етказиб берилаётгани учун Россия барча давлатларга, жумладан, АҚШга нота юборган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киевга аталган қурол ортилган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини айтган. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, НАТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнашмоқда”. 

Шунингдек, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Киевга Ғарбдан қурол-яроғ етказиб бериш Россия-Украина музокараларига салбий таъсир кўрсатишини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 июнь куни Германия канцлери Олаф Шольц, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Руминия Президенти Клаус Йоханнис ва Италия Бош вазири Марио Драги Киевга келди. Улар Киев вилоятининг Ирпень шаҳрида бўлиб, уруш талафотларини кўздан кечирди. Сўнг Президент Владимир Зеленский билан учрашди. Сафардан асосий мақсад Украинани қўллаб-қувватлашни кўрсатишдир.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 309
Рейтинг: 2.9
t
×