Гап маошда эмас, маънавиятда! – Ёдгоров судьяларнинг пора олишига муносабат билдирди
Жамият
−
10 Декабрь 2020
7366Ҳар қандай демократик давлатда адолат ўрнатувчи ягона орган – бу суд. Жамиятнинг қанчалик тараққий этиши, одамларнинг ҳаётга, ислотҳотларга ишониши, ўзини ушбу жараёнларнинг бир парчаси деб билиши, шубҳасиз, мамлакатдаги ҳуқуқ тартибот-органлари ва уларнинг бош тожи – суднинг қанчалик адолатли ишлаётганига, айбдорларнинг муносиб жазо олиши ёки айбсиз бўлганларнинг оқланишига, индаллосини айтганда, судьянинг виждонига боғлиқ. Аммо, бу виждонни пок тутиш учун судьяларга белгиланган маош етарлими? Иқтисодий вазиятнинг ўз коррупцион омил эмасми? QALAMPIR.UZ ушбу савол билан Судьялар Олий кенгаши Холмўмин Ёдгоровга юзланди.
“Коррупцион омилларга қарайдиган бўлсак, энг асосий омил – бу иқтисодий омил. Нафақат суд тизимида, балки республикамиз бўйлаб барча соҳаларда иш ҳақлари ошириляпти. Меҳнатига яраша иш ҳақи берилиши таъминланяпти. Судьяларимизнинг маошини аниқ билмаймиз. Лекин бу масалада жуда катта ҳисоб-китоблар қилинган. Менимча, [бу ҳужжат] ёки имзоланди ёки яқин кунларда имзоланади. Бироқ, гап биргина маошни оширишда эмас. Aйтишади-ку, ким бой деганда, қаноати бор одам бой, деб. Фикримча, гап маънавиятда. Судья бировни ҳаққидан қўрқиши керак. Aдолат тарозисини тортаётганда, ким нима берар экан, деб ўтиришга унинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун биз коррупцион омилларни олдини олиш, тизимда судьяларни ҳалол, поклигини таъминлашимиз керак.
Бунда ҳаммаси маънавиятга, одобга боғлиқ. Бугунги кунда судьяларимизнинг маоши фарзандларини боқишга ҳам, ўзига ҳам етарли даражада. Илгари судьяларимиз жуда кам маошга ишлашган. Шунда ҳам улар ноқонунийликка йўл қўймаган, харомдан қўрқишган, бировнинг ҳаққига кўз олайтиришмаган. Aйтмоқчи эмасдим, айтишга тўғри келди: судьяни маънавияти, одоби ва масъулияти тўғрисида қўлланма шаклидаги китоб қилиш ниятимиз бор”, дейди мамлакат бош “қозиси”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9 декабрь куни “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.
Маълумот ўрнида, Судьялар Олий кенгаши раиси Ёдгоров судья лавозимига номзодлар психологик тестдан ўтказилиши, ичкиликка ва коррупцияга мойиллиги аниқланиши ҳақида ҳам гапирганди.
LiveБарчаси