“Ғалаба хабари”. Уруш тугади?
Таҳлил
−
24 Июнь 20897 8 дақиқа
Эрон АҚШдан учралган ҳужумнинг аламини Қатарга зарба бериш билан олди. Аниқроғи, 23 июнь куни Эрон Трампнинг бундан 1 кун олдин Исфаҳон, Натанз ва Фордо ядровий иншоотларига уюштирган ҳужумларига Қатардаги АҚШ ҳарбий базасини нишонга олиш орқали жавоб қайтарди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Қатардаги Ал-Удейд авиабазасида жойлашган АҚШ кучларига ҳужум қилинганини эълон қилди. Al Jazeera хабарига кўра, Доҳада ва мамлакатнинг бошқа қисмларида кетма-кет кучли портлашлар кузатилган. ИРГК ўз баёнотида, бу билан АҚШ ва унинг иттифоқчиларига Эрон "ҳеч қандай шароитда унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки миллий хавфсизлигига қарши қилинган ҳар қандай тажовузни жавобсиз қолдирмаслиги" ҳақида хабар юборганини маълум қилди. Шунингдек, баёнотда АҚШнинг минтақадаги базалари ва мобил ҳарбий кучлари кучли нуқталар эмас, балки асосий заифликлардир дейилади. Теҳрон, шунингдек, ракета зарбаси Қатардаги тураржойлардан узоқда амалга оширилганини таъкидлади. Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши баёнотида эса “ушбу ҳаракат дўст ва қардош мамлакат Қатар ва унинг олийжаноб халқи учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги ва Эрон Ислом Республикаси Қатар билан илиқ ва тарихий муносабатларни сақлаб қолишда давом этиши қайд қилинган.
Ҳужум қандай амалга оширилди?
Ҳужум ҳақидаги тафсилотларга тўхталадиган бўлсак, АҚШ мудофаа вазирлиги Ал-Удейд базасига қисқа ва ўрта масофали баллистик ракеталар билан ҳужум уюштирилганини маълум қилган. Қатар Мудофаа вазирлиги эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари базани нишонга олган Эрон ракеталарини муваффақиятли тутиб олганини айтди. Ҳужум соат 19:30 да амалга оширилган бўлиб, Эрондан Ал-Удейд авиабазаси томон еттита ракета учирилган. Аммо Қатар ҳам АҚШ ҳам Ал-Удейд авиабазаси ҳужумдан бир неча кун олдин эвакуация қилинганини тасдиқлади. Аммо кейинчалик матбуот брифингида Қатар Ички ишлар вазирлиги Эрондан жами 19 та ракета учирилганини тасдиқлади. Улардан фақат биттаси Ал-Удейд авиабазасига зарба берган, аммо мазкур ҳаво ҳужуми оқибатида қурбон бўлганлар йўқлиги маълум бўлди. Қатар Мудофаа вазирлиги эса ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ҳам, жароҳатланганлар ҳам йўқлигини тасдиқлади. Хусусан, АҚШ маъмурияти Қўшма Штатлар Қатардаги базадан бир ҳафта олдин барча ҳарбий техникасини олиб чиқиб кетгани, Эрон эса бўш базага ҳужум қилганини очиқлади. Бу эса худди АҚШнинг Эрон ядровий объектларига қилган ҳужумлари олдидан у ерлардан юқори даражада бойитилган уран ва бошқа зарур материаллар олиб чиқиб кетилгани каби ўхшаш воқеликдир.
Эрон ҳужумида Яқин Шарқ қалқиди
Эроннинг Қатар ҳудудидаги АҚШ ҳарбий базасига берган зарбасидан сўнг, минтақадаги бошқа араб мамлакатлари, жумладан, Ироқ, Қувайт, Баҳрайн, Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарнинг ўзи ҳаво ҳудудини ёпди. Уларнинг аксариятида АҚШ ҳарбий базалари борлиги кўпчиликка маълум. Эроннинг ушбу зарбалар Қатар ва у ердаги аҳолига қарши қаратилмагани ва у билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиши ҳақидаги баёноти эса Доҳани овута олмади. Қатар Ташқи ишлар вазири ушбу ҳужумни қоралаб, бу “Қатар суверенитети ва ҳаво ҳудуди ҳамда БМТ низомини бузиш” эканини эслатиб, Доҳа Эронга нисбатан жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини билдирди. Оқ уйда бу ҳужум жуда босиқлик билан қабул қилинди. CNN маълумотларига кўра, Президент Дональд Трамп маъмурияти АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан сўнг Теҳрон томонидан жавоб ҳаракатларини кутган. АҚШ расмийлари бунга Эрон 2020 йилда Қосим Сулаймоний ўлдирилгандан кейин ҳам худди шундай жавоб берганини мисол қилиб кўрсатган. Оқ уй расмийси Вашингтон минтақада кейинги ҳарбий аралашувга интилмаётганини таъкидлаган.
Эрон яна АҚШдан сўраб, кейин ҳужумга ўтганми?
Шу ўринда Эроннинг Қатарга қилган ҳужумидан сўнг, Трампнинг ўзига тегишли платформадаги саҳифасида қолдирган пости эътиборни тортади. У ўз постида Эроннинг мазкур жавоб зарбаси жуда заиф бўлганини таъкидлаб, унинг оқибатида ҳеч ким жароҳатланмагани ва ҳалок бўлмаганидан мамнун эканини билдирди. Трамп бунга сабаб қилиб эса Эрон ҳужумдан олдин Қўшма Штатларни огоҳлантирганини кўрсатган.
“Эрон ўз ядровий объектларини йўқ қилишимизга расман жуда заиф жавоб билан жавоб берди, биз кутган ва жуда самарали жавоб бердик. 14 та ракета учирилган - 13 таси уриб туширилган ва 1 таси "озод қилинган", чунки у хавфли бўлмаган томонга йўналтирилган. Мен ҳеч қандай америкалик зарар кўрмаганини ва деярли ҳеч қандай зарар кўрмаганини хабар қилишдан мамнунман. Энг муҳими, улар ҳаммасини ўзларининг "тизимидан" чиқариб юборишди ва умид қиламанки, бундан кейин НАФРАТ бўлмайди. Мен Эронга бизга эрта хабар бергани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман, бу ҳеч кимнинг қурбон бўлмаслиги ва ҳеч кимнинг жароҳатланишига имкон яратди. Эҳтимол, Эрон энди минтақада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришиши мумкин ва мен Исроилни ҳам шундай қилишга ундайман. Ушбу масалага эътибор берганингиз учун ташаккур!”, деб ёзган АҚШ раҳбари.
Эсингизда бўлса, АҚШ бундан 5 йил олдин Эроннинг энг қудратли ҳарбий етакчиси Қосим Сулаймонийни ўлдиргандан сўнг, Теҳрон АҚШнинг Ироқдаги базаларини нишонга олганди. Орадан вақт ўтиб, Трамп омма олдида Эрон ўз генералининг ўлими учун қасос олишга мажбурлиги ва бу учун Ироқдаги АҚШ базасига зарба бериши ҳақида огоҳлантирганини айтган. Трамп бу сафар ҳам худди шундай риторика билан ё Эрон зарбасининг аҳамиятини йўққа чиқармоқда ёки Теҳрон ростдан ҳам Вашингтонни зарба беришдан олдин огоҳлантирган. Буниси ҳозирча қоронғи.
Ал-Удейд қандай база?
Эрон зарба йўллаган Ал-Удейд авиабазасига келсак, бу АҚШ ҳаво кучларининг қўмондонлик маркази бўлиб, Ғарбий Осиёдаги Америка армиясининг энг йирик стратегик активи ҳисобланади. Ал Удейд АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий базаси бўлиб, унга тахминан 10 000 америкалик аскар жойлаштирилган. Доҳанинг жануби-ғарбидаги чўлда жойлашган 60 гектар ҳудудни ўз ичига олувчи ушбу база 1996 йилда ташкил этилган. У ғарбда Мисрдан шарқда Қозоғистонгача чўзилган улкан ҳудудда АҚШ ҳарбий амалиётларини бошқарадиган АҚШ Марказий қўмондонлигининг штаб-квартираси бўлиб хизмат қилади. Базада Қатар амири ҳаво кучлари, АҚШ ҳаво кучлари, Буюк Британия қироллик ҳаво кучлари ва бошқа хорижий кучлар жойлашган.
Қатарда аҳвол қандай?
Умуман олганда, АҚШ Эрон ядровий объектларини бомбалагандан сўнг, Теҳроннинг Қатарга зарба бериш эҳтимоли каррасига ошганди. Шу боис ҳужумдан бир неча соат олдин, АҚШ ва Буюк Британиянинг Қатардаги элчихоналари Қатардаги фуқароларини огоҳлантирди. Ҳужумдан сўнг эса қатор соҳалардаги кун тартиби бир суткага сурилди холос. Қатар Таълим вазирлиги 24 июнь куни бўлиб ўтиши керак бўлган барча имтиҳонлар 25 июнга кўчирилганини маълум қилди. Қатар Ички ишлар вазирлиги ўз брифингида мамлакатдаги вазият “бутунлай барқарор” эканини ва барча ҳокимият идоралари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун мувофиқлаштирилган ҳолда иш олиб бораётганини эълон қилди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳужумдан кейин ҳаёт нормал режимга қайтганини билдириб, урушаётган томонларни музокаралар олиб боришга чақирди. Эрон ҳужуми бошланиши билан дарҳол ёпилган ҳаво ҳудуди эса орадан беш соат ўтиб қайта очилди.
Уруш тугадими?
АҚШ Президенти Дональд Трамп Қатарга берилган зарбани изоҳловчи илк постида Эронни сулҳга чақириб, Исроилни ҳам тўхташга ундашини маълум қилганди. Шундан сўнг ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Орадан кўп ўтмай, ярим тунда уруш тўхташи ҳақида хабарлар чиқа бошлади. Трампнинг ўзи икки ўртада бир неча соат ичида сулҳ тузилишини эълон қилди. Аммо бу пайтда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи сулҳ борасида ҳеч қандай таклиф келиб тушмаганини маълум қилиб, аммо “агар Исроил ҳужумлари соат 04:00 га қадар тўхтаса, Эрон ҳам жавоб қайтармаслигини билдирди. Трамп эса аллақачон дунёни “тинчлик билан табриклаб”, келгуси соатларда ким қачон ҳужумларни тўхтатиши ҳақида пост қолдирди.
“БАРЧАГА ТАБРИК! Исроил ва Эрон ўртасида тўлиқ ва мутлақ ЎТ ОЧИШНИ ТЎХТАТИШ бўйича келишувга эришилди. Бу келишув тахминан 6 соатдан сўнг кучга киради – айни пайтда ҳар икки томон якуний ҳарбий операцияларини тугатмоқда. Келишувга кўра: Эрон биринчи бўлиб ўт очишни тўхтатади, 12 соатдан сўнг Исроил ҳам ўт очишни тўхтатади, 24-соатда эса «12 КУНЛИК УРУШ»нинг расман якунлангани бутун дунё томонидан эътироф этилади. Ҳар бир томон ўз навбатида ўт очишни тўхтатиш даврида тинч ва ҳурматли бўлиши керак. Ҳаммаси режа бўйича кетади, бунга шубҳа йўқ. Мен Исроил ва Эронга бу урушни якунлаш учун намоён қилган сабр-тоқат, жасорат ва ақл-идрок учун табрик айтаман. Бу уруш йиллар давом этиши ва бутун Яқин Шарқни вайрон қилиши мумкин эди, лекин бу содир бўлмади ва ҳеч қачон бўлмайди!” деб ёзди АҚШ етакчиси.
Эрон томони эса урушни Исроил бошлаганини таъкидлаб, ким аслида биринчи бўлиб тўхташи кераклигига ишора қилди. Бу пайтда эса Исроил Эронга, Эрон эса Исроилнинг Бер-Шева шаҳрига ҳужумларни давом эттирди. Аммо Трампнинг баёнотидан сўнг, қатор хорижий ОАВлари, хусусан, “Reuters” Эрон тинчлик сулҳига рози бўлгани ҳақида хабар берганди. Шунингдек, тўлиқ тинчлик сулҳи 25 июнь куни имзоланиши ва бу музокараларда Қатар воситачилигининг роли беқиёс бўлгани ҳақида хабарлар чиқди.
Live
Барчаси