“ГАИ” ходимлари баённомани энди электрон тарзда расмийлаштиради
Жамият
−
01 Май 2020
7627Бугун, 1 май куни Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган вақтинчалик жарима майдонларининг раҳбарлари, шунингдек, ДЙҲХХнинг маъмурий амалиёт инспекторлари иштирок этди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда карантин даврида ва умуман турли қоидабузарликлар учун вақтинчалик жарима майдонларига киритилган транспорт воситаларини чиқаришнинг қонуний ечимлари ҳамда бу ишда қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга йўл қўймаслик чораларини кўриш масаласи муҳокама қилинди. Жарима майдонларида ўтказилган назорат текширувлари натижалари эълон қилиниб, аниқланган камчиликлар ва уларни тезда бартараф этиш чоралари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, йиғилишда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида қўлланилаётган инновацион янгиликлар ҳақида ҳам сўз борди. Ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилаётган замонавий планшетларга алоҳида тўхталди.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, йўл-патруль хизмати инспекторлари қоидабузарликлар содир этаётган йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан электрон тарзда баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилмоқда. Йиғилишда планшетлардан фойдаланиш тартиблари, айнан шундай электрон баённомалар расмийлаштирилган транспорт воситаларини жарима майдонларига олиб бориш ва расмийлаштириш тартиблари ҳам муҳокама қилиниб, бу йўналишда ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.
LiveБарчаси