G7 Россиянинг санкцияларни четлаб ўтишга уринишларини тўхтатмоқчи
Олам
−
13 Май 2023
4953G7 давлатлари Россиянинг Украина атрофидаги вазият туфайли жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишларини тўхтатиш ниятида, шунингдек, зарур бўлган вақт давомида Киевни қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 май куни Япониянинг Ниигата шаҳрида бўлиб ўтган G7 мамлакатлари Молия вазирлари ва Марказий банклари раҳбарларининг учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда сўз борди.
“Биз санкцияларимизни четлаб ўтиш ва бузишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қаршилик кўрсатишга тайёрмиз. Биз Украинани зарур бўлган вақт давомида сўзсиз қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Келгусида Россия ва бошқа давлатлар ўртасидаги трансчегаравий транзакцияларни кузатиш бўйича мувофиқлаштиришни кучайтиришда давом этамиз. Керак бўлса, Россия молия секторига нисбатан қўшимча чоралар кўриб, ушбу чоралар ўз мақсадларига эришишини таъминлаш учун Россия нефти ва нефт маҳсулотларига нархларни чеклаш самарадорлигини диққат билан кузатиб борамиз”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, баёнотда бошқа давлатларни Россия Федерациясига қарши санкцияларга қўшилишга чақирилган ва G7 мамлакатлари Украина можароси ҳал этилгунга қадар Россия активларини музлатиб қўйиш ниятида экани яна бир бор таъкидланган.
Бундан ташқари, Молия вазирлари ва G7 Марказий банклари раҳбарлари Украина атрофидаги вазият туфайли юзага келган глобал иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қатъий қарор қилганини билдирган. Шунингдек, улар Россия Федерациясига қарши жорий этилган санкциялар озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигига ҳеч қандай ножўя таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаган.
LiveБарчаси