G7 давлатлари Россияга яна бир оғир “зарба” беришга тайёрланмоқда
Олам
−
03 Декабрь 2022
10634G7 (катта еттилик), Австралия ва Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтига чекланган нарх белгилашга келишиб олди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу битимни Европа Иттифоқи давлатлари орасида фақатгина Польша маъқулламаётган эди. Бироқ охир-оқибат Польша ҳам Россия нефтига чекланган нарх белгилашга рози бўлди. Бу эса келишувни расман тасдиқлаш учун имконият беради.
G7 давлатлари ва Австралиянинг биргаликдаги баёнотида айтилишича, нарх чегараси жорий йилнинг 5 декабридан ёки ундан кейин жуда тез фурсатда кучга киради.
“Нархларни чегаралаш коалицияси нархлар чегарасининг самарадорлигини таъминлаш бўйича кейинги ҳаракатларни ҳам кўриб чиқиши мумкин”, дейилади баёнотда.
Бироқ Россия нефтининг нархига нисбатан яна қандай чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган. Битимнинг тўлиқ тафсилотлари 5 декабрь куни Европа Иттифоқининг юридик журналида чоп этилиши керак.
G7’нинг нархларни чеклаш ғояси, Россиянинг нефт сотишдан келадиган даромадини камайтириш учун қилинмоқда.
Аввалроқ G7 давлатлари, Европа Иттифоқи ва Австралия Россия нефтининг 1 баррели учун 60 долларлик нарх белгилаш борасида келишаётгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу битим Россия иқтисодиёти учун оғир зарба бўлиши мумкин. 2022 йилнинг 22 ноябрь ҳолатига кўра, 1 баррель нефтнинг нархи 87 долларни ташкил қилади. Рус энергияси учун белгиланаётган нарх эса ушбу нархдан деярли 30 долларга паст. Бироқ бу жорий йил ҳисобидан нефтнинг энг паст нархи эканлигини инобатга олсак, Россия иқтисодиётининг зарари кўлами янада катта бўлиши эҳтимолдан холи эмас.