ФВВ – Вертолёт керак бўлганда Мудофаа вазирлигидан олиб турамиз
Жамият
−
17 Июль 2019
3747Тоғли ҳудудларда тезкор ёрдам зарурати туғилганда ёки катта ҳажмли майдонларда ёнғин келиб чиққанда воқеа жойига етиб бориш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигида вертолёт йўқ. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари билан ўтган анжуманда маълум қилинди.
“Вертолёт керак бўлганда Мудофаа вазирлигидан олиб турамиз, бунда биз ёқилғи билан боғлиқ харажатларни қоплаб берамиз”, — деди Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Дадахонов.
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, ФВВни вертолёт билан таъминлаш масаласи ўз ечимини топади.
“Фавқулодда вазиятлар вазирлигига вертолёт ажратиш ва вертолётлардан фойдаланиш бўйича Қарор лойиҳаси тайёрланган, — деди Ёнғин хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Санжар Зуфаров. — Бу масала ҳатто давлат Дастурига ҳам киритилган. Режага мувофиқ 2020 йилда бизнинг тизимга ҳам вертолёт берилиши мумкин”.
Матбуот анжуманида Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари Ички ишлар вазирлигидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилиши натижасида соҳа олдига янги вазифалар қўйилгани маълум қилинди.
Энди ФВВ — ёнғин хавфсизлигини таъминлашда давлат сиёсатини юритувчи ваколатли орган ҳисобланади.
Мулоқот давомида Нукус, Қарши, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида йирик кўламли фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган ҳудудий ёнғин қутқарув отрядлари тузилиши айтилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь