Футзал бўйича ЖЧ якунланди. Финалда Роналду ва Месси ватандошлари тўқнаш келди
Спорт
−
04 Октябрь 2021
3315Жорий йилнинг 12 сентябридан 3 октябрига қадар Литвада ўтказилган футзал бўйича Жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди ва унда Португалия ғалаба қозонди.
Мусобақанинг финалида 2016 йилги Жаҳон чемпиони Аргентина ва 2018 йилги Европа чемпиони Португалия терма жамоаси паркетга чиқди. Ўйиннинг 13-дақиқасида қирғизистонлик ҳакам Нурдин Букуев аргентиналик Кристиан Боррутога қизил карточка кўрсатди. Ушбу вазиятда Борруто португалияликлар сардори Рикардиньога “хук” зарбаси йўллаган эди. 15-дақиқада Пани Варела Португалияни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 28-дақиқада эса Пани дублга эришиб ўртадаги фарқни иккитага оширди. Шундан сўнг, Клаудино гол уриб, ҳисобни қисқартирди. Аммо унинг голи жамоасининг ғалаба қозониши учун камлик қилди – 1:2. Шу тариқа “селесао” ўз тарихида илк бор ЖЧ ғолиблигини қўлга киритди.
3-ўрин учун кечган баҳсда Бразилия ва Қозоғистон терма жамоалари куч синашди. Биринчи бўлим қозоғистонлик футзалчилар фойдасига ҳал бўлди. Бироқ иккинчи бўлимда “пентакампеонлар” 4 та тўп киритиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва мундиалнинг бронза медалларига эга чиқди.
Маълумот учун, Португалия терма жамоаси сардори Рикардиньо мусобақанинг энг яхши футболчиси сифатида “олтин тўп”, бразилиялик Феррао 9 та гол билан “олтин бутса”, аргентиналик Николас Сармиэнто “олтин қўлқоп” совринини қўлга киритди. “Ҳалол ўйин” мукофоти эса Қозоғистон терма жамоасига насиб этди.
Футзал бўйича мундиал баҳслари 1989 йилдан буён ҳар тўрт йилда мунтазам ўтказиб келинади. Шу вақтга қадар Бразилия (5), Испания (2), Аргентина (1) ва Португалия (1) термалари Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионатидан аввал ўтказилган халқаро ўртоқлик учрашувида Ўзбекистон Португалия устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
LiveБарчаси