Футболни кўриб кулайми ё куяйми?

Таҳлил 04 Июнь 13:56 4300
image

Футболни билмаган, ўйнамаган киши бўлмаса керак.  Футбол – бу миллионлар ўйини, уни кўпчилик севиб томоша қилади. У ёки бу футбол гуруҳига мухлислик қилади. Шу боисдан ҳам у дунёни забт этган, десак муболаға бўлмайди.  

Футбол оламида айрим мачтларни бутун дунё кўради. Кўп мамлакатларда “Реал Мадрид”, “Барселона”, “Ювентус”, “Милан” каби футбол жамоаларининг ўйини интиқлик билан кутилади.

Энди мазкур ўйинларнинг ёритилиш жиҳатига эътибор қаратадиган бўлсак, бу жараёнда ўз ишининг профессионал усталари ишлайди. Футболчининг ҳар бир хатти-ҳаракати, зарбаларнинг турли бурчаклардан олиб эфирга узатилиши – футбол ишқибозларида жонли тарзда шу ўйинда ўзлари ҳам иштирок этаётгандек таассурот уйғотади. Унинг ҳис-ҳаяжонини жунбушга келтиради. Жаҳон футболи намойишида ҳар бир детал – спортчининг юз қиёфаси-ю, пешонасининг теригача аниқ кўрсатилади.  

Мисол учун,  биргина футболчининг зарба тезлиги, бир ўйинда қанча югурганинг ҳаммаси аниқ ва равшан гавдалантирилади. Бир сўз билан айтганда, трансляцияда катта жамоа фаолият юритади.  

Албатта, бу ўз навбатида мухлислар сонининг ортишига сабаб бўлади, шунинг билан бирга телеканал обрўсининг ошишига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бу жаҳон миқёсидаги натижа.  

Ўзбекистонда-чи, дейсизми? Ҳали шошилманг, дунё футболини яхшилаб муҳокама қилиб олайлик, ваҳоланки, ўзбек футболи трансляцияси катта мазву, шу боис бунга алоҳида тўхталиб ўтмасак, бизни мухлислар кечиришмайди.  

Хуллас, жаҳондаги ҳар бир ўйин трансляциясини сотиб олиш учун компаниялар тиш-тирноғи билан курашади. “Ўртамиёна жамоанинг ўйинини ким ҳам томоша қилади дейсизми?”. Адашасиз! Ташкилотчилар ва мутахассислар ўйиннинг жозибадорлигини шундай тасвирга олиб узатишади-ки, бир зумга бўлса-да, ойнаи жаҳон қаршисидан кета олмай қоласиз. Бундай ўйинда ўз рекламасини бўлишини, ТВда бир сония бўлса ҳам майдонга ўрнатилган реклама пештахтаси кўринишини қайси тадбиркор истамайди, дейсиз. 

“Ия,  Нортой,  бизда ўртамиёна жамоаларнинг ўйини намойиш этилса, кўрмаймиз-ку, ҳатто, пойтахтнинг марказий ўйинларида ҳам стадион томошабинларга тўлмайди-ку, сен бўлса, бошимни оғритиб трансляцияни гапирасан!” деб ўйлаётган бўлсангиз керак. Аммо сиз шу ерда ҳақсиз. Чунки трансляциянинг аҳволи ўртамиёна жамоанинг аҳволидан ҳам абгор (албатта, моддий жиҳатдан). Ойнаи жаҳон қаршисида ўтирсангиз, бунга яна бир бор амин бўласиз.  

Бизда ўйиндаги ҳолатлар уч хил тарз (план)да олиб берилади, яъни телевидение тилидан айтганда – катта,  ўртача, умумий. Бунда футболнинг нафасини ҳис қила олмаймиз. Айрим ўйинларни томоша қилар экансиз, гол урилганлиги нариги маҳаллада кўрсатилгандек, кадрга олиб берилади.  

Бу ҳолат баъзи ҳудудлардагина ўтказиладиган ўйинларга тегишли, холос. Масалан, вилоятдги ўйинлар. Аммо пойтахтдаги футбол трансляциялари ҳам мақташга арзигулик эмас.  

Келинг, масалага реал қараймиз. Биргина футбол матчини узатиш учун бизда ҳам катта жамоа ишлайди. Аммо бу ерда гап жамоада, эмас балки улардаги техник воситаларда. Айрим ўйинлар “SX” камераларида олиниб,  эфирга узатилади. Ваҳоланки, жаҳон тажрибасида “HD” уёқда турсин,  аллақачон FullHD , 4K форматига ўтилган бир пайтда “SX” орқали узатилётган ўйинлар сиз уйда кўраётган кадр сифатига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бизда фурболчининг юз қиёфаси, жаҳли чиқаётганлиги акс эттирган кадрлар деярли йўқ. Сабаб техник воситалар талаб даражасида эмас.  

Айни дамда футбол федерацияси ва футболни ривожлантириш керак, мухлисларни стадионга қайтариш лозим, деб жон куйдириб гапирилади. Менимча, муаммонинг ечимини мана бундай долзарб ҳолатлардан бошлашса, албатта, Ўзбекистонда ҳам футболга бўлган қизиқиш янада ортиб боради.  

Футбол мухлисларининг кўпчилиги ўз жамоасига мухлислик қилиш учун сатадионга бора олмайди. “Уйида ойнаи жаҳон қаршисида кўраман”, деса сифатсиз кадрлар таъбни бироз хира қилади. Шарҳловчи-ку, ҳамин қадар ўйиннинг жозибадорлигини оширишга интилади. Баъзан у шарҳлаётган ҳолатларни режиссёрлар кўнгилдагидек топиб бера олмайди. Юқорида айтганизмиздек, моддий техник база суст, жаҳон трансляцияси билан тенглаша олмайди.  

Бу ерда танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ўйинларни жонли узатишда “ПТС” машинаси керак. Албатта, бу қурилма МТРКдан олинади. Айрим жиддий ўйинлар вақтида “ПТС”нинг “командировка”га кетганини айтишса,  тамом бўлди деяверинг. Нега? “ПТС” футбол федерациясида йўқми?” дейсизми? Бор, лекин у барча ўйинларни узата олмайди. Чунки, у “Миллий” стадионида жойлашган.  

Ана сизга нима учун бизда трансляцияда жозибадорликнинг йўқлиги-ю, мана асл муаммо. Ҳа, яна бир гап: бизда футбол ўйинларини сотиб оладиган ҳомийлар йўқ. Бўлса ҳам фақат чет эл ўйинларини сотиб олади. Чунки, у ерда сифат яхши-да. Биргина жаҳон чемпионати мундиалини давлат канали бўлган “Спорт” каналининг сотиб ололмаганига нима дейсиз. Гапирсам, муаммонинг охири йўқ.  

Келинг, Нортойни ҳам қийнаб юбордим, тинчгина маҳаллада ўз коптогини тепиб, маза қилиб футбол завқини олсин. Ахир, мухлис бўлиб топмаганини,  ўзи ўйнаб ҳис қилсин-да. Барибир, жонли эфирда буни Нортой бечора ҳис қила олмайди, яна ўша гап:  катта, ўртача, умумий...  

Аброр Маъруфжонов
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 70
Рейтинг: 3.2