Футбол тарихида илк марта аёл ҳакам ЖЧ ўйинини бошқаради
Спорт
−
30 Ноябрь 2022
8872Франциялик футбол ҳаками Стефани Фраппар Германия ва Коста-Рика терма жамоалари ўртасидаги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувини бош ҳакам сифатида бошқариб боради. Бу ҳақда кеча, 29 ноябрь куни Халқаро футбол федерацияси (FIFA) матбуот хизмати хабар берди.
Фраппар жорий Жаҳон чемпионатида аллақачон бир ўйинда расмийлар қаторида бўлишга улгурди. Аввалроқ, у Польша ва Мексика терма жамоалари (0:0) ўртасидаги гуруҳ босқичининг 1-тур учрашувида тўртинчи ҳакам сифатида ишлаганди.
Қатардаги Жаҳон чемпионатига Фраппардан ташқари яна икки аёл ҳакам – япониялик Ёшими Ямашита ва руандалик Салима Мукансанга жалб қилинган.
38 ёшли Фраппар Франция чемпионати, миллий кубоги ва Европа Чемпионлар лигаси финал босқичларида ишлаган. У 2019 йилда "Челси" ва "Ливерпуль" ўртасидаги UEFA Суперкубоги финал учрашувини бошқариб борган. Декабрь ойида Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) Фраппарни жаҳон футболидаги энг яхши аёл ҳакам сифатида эътироф этганди.