Туркияда навбатдаги фалокат
Таҳлил
−
17:00
3317Бугун, 22 январь Туркияда миллий мотам куни. Бугун бутун мамлакат бўйлаб ва Туркиянинг чет эллардаги элчихоналарида давлат байроғи туширилади.
Бу 21 январь куни содир бўлган ва сўнгги маълумотларга кўра, 80 га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган даҳшатли ёнғин билан боғлиқ.
21 январга ўтар кечаси Туркиянинг Болу вилояти ҳудудидаги Карталкая тоғ-чанғи курортида жойлашган меҳмонхонада ёнғин содир бўлди. Ёнғин чиққан пайтда меҳмонхонада 238 нафар рўйхатдан ўтган меҳмон бўлган.
Маҳаллий вақт билан тунги соат 03:00 атрофида 12 қаватли ёғочдан қурилган меҳмонхонада рўй берган ёнғин тезда бутун бинони қамраб олган. Маълумотларга кўра, ёнғин меҳмонхона комплексининг ресторан қисмида бошланган. Қутқарувчилар дам олувчиларни эвакуация қилган ва улар курортдаги тўртта меҳмонхонага жойлаштирилган.
Ёнғин чиққан “Grand Kartal” меҳмонхонаси ходимларидан бирининг айтишича, ёнғинни ўчириш учун меҳмонхонанинг ўзига тегишли ўт ўчириш ва тез ёрдам машиналари мавжуд бўлмаган.
“Ҳамма деразадан сакраётган эди – ёши катталар ҳам, ёшлар ҳам. Бир отанинг қучоғидаги бола ҳалок бўлди. Жуда кўп масъулиятсизликлар бўлган. Ёнғин зинапояси бор, лекин у меҳмонхонанинг ичида, жуда мантиқсиз қурилган. Меҳмонхона бутунлай ёғочдан ясалган. Кичик бир учқундан аланга ёйилиб кетди. Ёнғин ресторандан бошланди. Меҳмонхонанинг ўзига тегишли ёнғин ўчириш машинаси ва тез ёрдам машинасининг йўқлиги мутлақо бошқа масала. Қандай катта қамровли меҳмонхона эди. Меҳмонхона юз фоиз тўлганди”, дейди ушбу меҳмонхона ходимларидан бири.
Тоғ-чанғи курорти денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда, Кероғлу тоғ тизмасида жойлашган бўлиб, Туркиядаги муҳим дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Ёнғин содир бўлган куни меҳмонхона талаба ва ўқувчиларнинг таътили сабабли 80-90 фоизга тўла бўлган.
Ёнғин ҳақида хабар келиб тушгач, ҳодиса жойига ўт ўчириш гуруҳлари ва қутқарувчилар етиб борган.
Вилоят ҳокими Абдулазиз Айдин телеканал эфирида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар маҳаллий фуқаролар эканини маълум қилди. У ўшанда камида 6 киши ҳалок бўлгани, 31 киши яраланганини айтди ва республика прокурори текширувларни бошлаганини маълум қилди.
Кейинчалик Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ёнғинда ҳалок бўлганлар сонини 66 киши, жароҳатланганлар сонини эса 51 киши, дея кўрсатди. Ҳодиса юзасидан тергов бошланган ва 4 киши, жумладан, меҳмонхона эгаси ҳам қўлга олинган.
Ижтимоий тармоқларда ҳодиса жойи акс этган видеолар тарқалди. Унда бинонинг юқори қаватларида кўплаб одамларнинг аланга ичида қолганини кўриш мумкин. Ёнғиндан омон қолганларнинг айтишича, меҳмонхонада ёнғинга қарши ҳеч қандай чоралар кўрилмаган: на фавқулодда чиқиш зинаси, на ўт ўчиргич, на ёнғин детектори. Маҳаллий нашрларга кўра, камида икки киши меҳмонхона деразаларидан сакраш оқибатида ҳалок бўлган. Одамлар чойшабларни бир-бирига боғлаб, деразадан тушиб олган.
Чанғи бўйича инструктор Нежми Кепчетутан турк телевидениесига берган интервьюсида меҳмонхонани яхши билгани сабабли ўзини қутқара олганини, лекин бинонинг тузилиши билан таниш бўлмаган меҳмонларнинг имконияти камроқ бўлганини айтган.
“Ичкарида қалин тутун бор эди. Одамлар деразалардан бизни қутқаринг деб қичқирарди. Биз 20-25 кишини ташқарига олиб чиқдик”, деди у телеканалга берган интервьюсида.
Президент Ражаб Тойиб Эрдўган меҳмонхона ёнғини бўйича масъулларни жавобгарликка тортиш учун барча зарур чоралар кўрилишини айтди.
“Нима бўлишидан қатъий назар, бундай фожиа содир бўлишига сабабчи бўлганлар, эҳтиётсизлик ва айбдорлар қонун олдида жавоб беради. Бугун сиёсат эмас, балки бирдамлик ва бирлик куни. Биз ҳаммадан, жумладан сиёсатимиздан, оммавий ахборот воситаларидан ва маҳаллий маъмурлардан қурбон бўлган фуқароларимизга ҳурмат бажо келтиришини кутиб қоламиз”, деган Эрдўған.
21 январь куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг халққа қилган мурожаатида Эрдўган ёнғин сабабли 22 январни мамлакатда миллий мотам куни деб эълон қилди.
“Мамлакатимизда юз берган фожиа муносабати билан миллий мотам куни эълон қилинди. Байроқлар 22 январь, чоршанба куни қуёш ботгунига қадар туширилади. Бу кун сиёсат куни эмас, балки бирлик ва ҳамжиҳатлик куни”, деди у.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, ёнғин оқибатида ўзбекистонликлар жабрланмаган. Президент Шавкат Мирзиёев ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик йўллади. Ўзбекистон раҳбари қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзия изҳор этиб, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин қурбонлари сони 76 нафарга етган. Ёнғиннинг сабаби ҳали аниқланмаган. Адлия вазири Йилмаз Тунч терговга прокуратура жалб қилинганини маълум қилган. Ҳодиса ортидан ҳибсга олинганлар сони 9 кишига етган.
LiveБарчаси