Фуқаронинг 71 минг доллар ва 1 млрд сўм пулини ўзлаштириб, хорижга чиқиб кетган шахсга жиноий иш очилди
Жамият
−
07 Март 2021
8112Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фуқаронинг 71 минг 200 доллар пулини ўзлаштириб, хорижга чиқиб кетган шахсга жиноий иш очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг июль ойидан декабрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 31 ёшли Ҳ.Т. Қўқон шаҳрининг турли ҳудудларида таниши 38 ёшли К.И. га банк тизими пул ўтказмалари орқали пулларини айлантириб, кўп фойда олиши мумкинлигига қизиқтирган. Сўнгра, ундан жами 71 200 АҚШ доллар ва 1 миллиард 9 миллион 258 минг сўм пулини алдов йўли билан олиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳри бўйича ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ҳ.Т. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида аниқланишича, К.И. Қўқон шаҳрида жойлашган хусусий корхона раҳбари бўлиб, “Агробанк” Қўқон шаҳри филиали мижози эканлигини айтган. У ушбу банк ходими Ҳ.Т. билан анча йилдан бери таниш бўлиб, унга 20 минг доллар қарз берганида, Ҳ.Т. ушбу пулларни банкка қўйиб фойда олишини айтиб, уни қизиқтириб бир ойлик фойданинг ярми деб бошланишига 2 250 000 сўм пул олиб келиб берган.
Кейинчалик Ҳ.Т. К.И. дан олган пуллари эвазига фойдаси деб жами 240 млн сўм пул маблағлари бериб, у ҳам қизиқиб янада кўпроқ пул бериб борган. Орадан маълум бир вақт ўтиб, Ҳ.Т. хорижга чиқиш паспортини олиб Қирғизистонга чиқиб кетиб қолган, ундан олган пулларини банкка қўймасдан эҳтиёжларига сарфлаб, бир қисмига ер участкаси сотиб олиб, бир қисмини таниш аёлига берган.
Ҳозирда Ҳусанжон Т.,ни ушлаш чоралари кўрилмоқда.
LiveБарчаси