Фуқарони текшириш учун ИИБга олиб бориш бекор қилинади
Жамият
−
01 Апрель 2022 8938 2 дақиқа
2023 йилдан бошлаб фуқароларни шахсига аниқлик киритиш учун Ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётини тўхтатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг муҳокамага қўйилган "Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш тўғрисида"ги қарори лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб ички ишлар органларида босқичма-босқич Е-patrul тизимини жорий этиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Бунинг ўрнига барча маълумотларни жойида планшет орқали текшириб, патруль-пост хизмати ходимлари фаолияти "боди-камера"дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек, қуйидагиларни назарда тутувчи Патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида ҳуқуқбузарликлар содир этишда гумон қилинаётган фуқаролар ва бошқа шубҳали шахсларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланади:
• “Е-patrul” тизимидан фойдаланиш тартиби;
• патруль-пост хизмати ходимлари ҳаракатларини қайд этувчи техник воситалардан фойдаланиш тартиби;
• Боди-камералар орқали қайд этилган маълумотларни ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби;
• “Е-patrul” тизимидан фойдаланишда ходимнинг мажбуриятлари.
Қарор қабул қилингач, Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уч ой муддатда:
• планшет орқали шахсни биометрик идентификация қилишда фойдаланиладиган “Е-patrul” дастурий комплексининг техник топшириғи, дастурий таъминоти ва мобиль иловасини ишлаб чиқсин ҳамда техник топшириқни “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонасида давлат стандартларида ўрнатилган талаблар бўйича экспертизадан ўтказилишини, унинг асосида ишлаб чиқилган ахборот тизимини ишга туширишдан аввал тизимни техник топшириқ ва ахборот хавфсизлиги талабларига мослиги юзасидан экспертизадан ўтказилишини, дастурий таъминот ва мобиль илованинг жорий этилгунга қадар сертификатлашини таъминлайди;
• Низомга мувофиқ ички ишлар органлари, хусусан патруль-пост хизмати ходимларининг “Е-patrul” тизими, планшет ва боди-камералардан фойдаланиш тартиби юзасидан ўқув машғулотларини ташкиллаштиради;
• қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб боради;
• бир ой муддатда “Е-patrul” тизимининг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш ҳамда техникаларига доимий хизмат кўрсатадиган тегишли таркибий бўлинмани масъул қилиб белгилайди.
Бундан ташқари, “Е-patrul” тизими фаолиятини рақамлаштиришда зарур компьютер ва бошқа ускуналарни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Live
Барчаси