Фуқаролар кўчирилмоқда. ФВВ учта шаҳарда кузатилган сел оқибатларини маълум қилди

Жамият 13694
image
-

Жорий йилнинг 6-7 май кунлари Ўзбекистоннинг учта вилояти: Андижон, Наманган ва Сурхондарёнинг айрим ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел тошқинлари кузатилди.

Ҳодиса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳокимликлар ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан тўлиқ назоратга олиниб, жойлардаги ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилди.

Тошқин натижасида Андижон вилояти “Қирғиз” канали орқали оқиб келган сел оқимлари Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманидаги кўчалар орқали 278 та аҳоли хонадони ва ҳовлисига кирган.

Афсуски, фавқулодда вазият натижасида икки нафар вояга етмаган фуқаро ҳалок бўлган.

Шунингдек, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой ва Чуст туманларида ёққан кучли ёмғир сабабли Поп тумани “Водий” МФЙ ҳудудида сел оқимлари кузатилиб, Поп тумани ҳудудидан ўтувчи "Наманган-Тошкент" автомобилъ йўлининг 15-16 км.да йўл ёқасининг ювилиши, “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўлининг 103-106 км.да темир йўл тармоғининг тахминан 3 метр қисмида тупроқ массасининг ювилиши рўй берган.

Шу билан бирга, “Янгиобод” ва “Водий” МФЙдаги 25 та аҳоли томорқасига ҳам ёмғир сувлари кирган. Ҳозирда, автомобиль ва темир йўлларининг зарар кўрган қисмида авария-тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Қумқўрғон туманларида ёққан кучли ёмғир оқибатида ҳосил бўлган сел оқимлари Шеробод туманидаги “Қорабоғ” ҚФЙ ва “Учёғоч”, “Гулистон”, “Ғўржак-2” МФЙдаги 16 та, Қумқўрғон тумани “Азларсой”, “Боғаро” ва “Елобод” МФЙдаги 340 та аҳоли хонадони ва томорқасига кирган.

Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида махсус техникалар ёрдамида аҳоли яшаш хонадонларидан ёмғир сувлари чиқариб ташланган.

Шу билан бирга, вазирлик ходимлари сел келган ҳудудларда фуқарлар ҳолидан хабар олиш, уларга зарурий ёрдамларни кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширмоқдалар.

Жумладан, дарё, сой, ариқ ва каналлар ўзанларини тозалаш ҳамда қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича жойларда 70 та (йил давомида режа бўйича 165 та) амалий махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилган. Ушбу тадбирларга 1 078 та техника, 4 752 нафар шахсий таркиб жалб этилиб, ўқув-машқлари давомида 41 924 м3 тупроқ ишлари, 30 360 м3 қум-шағал, 4 207 м3 бетон, 37 217 п/м ўзан тозалаш ва бошқа ишлар амалга оширилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 375
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×