Французлар Ўзбекистон ҳақида фильм олди
Маданият-санъат
−
25 Октябрь 2022
12066Жорийнинг ноябрь ойида дунёдаги энг йирик музей ҳисобланган Париждаги Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросининг илк кўргазмаси очилади.
Шу муносабат билан 23 октябрь куни Тошкентда “Ўзбекистон. Марказий Осиё бўйлаб вақтдан ташқаридаги саёҳат” номли ҳужжатли фильм намойиши бўлиб ўтди.
Тақдимотда сўзга чиққан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева бу фильм нафақат Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги аҳамиятини оширишга, балки унинг Франция билан ўзаро алоқаларини ҳам мустаҳкамлашга ҳисса қўшишини таъкидлади.
“Жорий йилнинг ноябрь ойида Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” деб номланган кўргазмани ташкил этмоқдамиз. Ишончим комилки, ушбу кўргазма ҳам давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихининг янги саҳифаси сифатида халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистоннинг янги қиёфасини намоён этади.
Бизнинг мақсадимиз – Ўзбекистоннинг бебаҳо маданий-тарихий меросини жаҳон маданият майдонида кенг ёйиш ва маданиятлараро алмашинувни ривожлантиришдан иборат”, дейди Мирзиёева.
Мазкур фильм Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Франциянинг “Les Poissons volants” кинокомпанияси, “АRTE” маданиат телеканали ҳамда Лувр музейи билан ҳамкорликда яратилган.
Кўргазмада эрамиздан аввалги V-VI асрлардан Темурийлар ҳукмронлигигача бўлган даврни қамраб олувчи 168 та музей ашёси, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 16 та музейидан 137 та экспонат ҳамда дунёнинг бошқа шаҳарларидаги музейлардан 31 дона осори-атиқа тақдим этилади.
“Биз гапираётган кўргазма Франция жамоатчилигига Париж ташқарисига чиқмасдан туриб Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан танишиш учун имконият яратади. Чунки, у бутун мамлакат бўйлаб танланган 130 дан ортиқ ашё ва буюмларни ўз ичига олган. Бу экспонатларнинг аксарияти мамлакатнинг турли музейларида сақланади ва кўплари археологик қазишмалар пайтида топилган. Айтиш жоизки, француз археологлари Ўзбекистон ҳудудида жуда жадал ишламоқда. Айниқса, кўргазманинг куратори бўлган машҳур археолог жаноб Рокко Ранте улар қаторидан жой олган. Бу эса яна бир бор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради. Луврдаги кўргазма боис кўплаб музей меҳмонлари Ўзбекистонни таниб боришмоқда, уларнинг сони йилига 10 миллионни ташкил этади ва бу нафақат Франция ва қўшни давлатлар аҳолиси. Луврга ташриф буюрувчилар бутун дунёдан санъат ихлосмандларидир”, дея таъкидлади Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез.
Франциялик машҳур кинорежиссёр Живко Даракчиев муаллифлигида суратга олинган ҳужжатли фильм энг оддий, ўзбекларнинг кундалик турмушидаги халқона деталларга бойлиги билан аҳамиятли. Ҳатто, чўлларимизда дарахтларни, саксовулларни кесиб, ташиб кетувчилар ҳам фильм ижодкорлари эътиборидан четда қолмаган. Бу ҳақида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори маслаҳатчиси Элмурод Нажимов ҳам тилга ўтди:
“Видеодан ҳам кўриш мумкинки, Тошкент вилоятининг Янгиобод бозори ва шу каби жиҳатларга бошқа филмларда унча этибор қаратилмайди. Бунда биринчи навбатда фильм ҳужжатли фильм бўлгани учун юртимиздаги бор ҳолатларни кўрсатиб берилган. Мақсад ҳам айнан оддийликдан тортиб то мукаммалликкача бўлган жараёнларнинг қандай кечинма ва ҳолатларда бўлишини кўрсатиб бериш бўлган”.
Ҳужжатли фильм 15 асрлик тарихни ўз ичига олиб, ўша даврдаги маданий осори-атиқалар ва бошқа археологик топилмаларни акс эттирган. Мазкур фильм ҳамда Лувр музейидаги кўргазма шарофати билан йилига мамлакатимизга ташриф буюрадиган 20 минг нафар француз сайёҳларининг сони янада ошиши кутилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь