Франциядаги тартибсизликлар пайтида қўлга олинганлар сони минг кишига етди

Олам

image

Францияда 17 ёшли ўсмирнинг полициячи томонидан ўлдирилиши туфайли юзага келган тартибсизликлар чоғида қўлга олинганлар сони минг кишига етди. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги раҳбари Жеральд Дарманин TF1 телеканали эфирида маълум қилди.

Дарманинга кўра, расмийлар тартибни сақлаш учун 1 июлга ўтар кечаси 45 минг полициячи ва жандармдан фойдаланган. Қўлга олинганлар сони эса минг кишига етган. Лион кўчаларида полиция билан тўқнашувлар содир этган 38 киши ҳибсга олинган.

Шунингдек, вазир оммавий намойишларга зирҳли техника ва вертолётлар жалб этилишини қўшимча қилган.

Унинг қайд этишича, Франция ҳукумати қўлларида тартибсизликларга қарши курашиш учун воситалар арсеналига эга, бу эса мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилишининг олдини олишга имкон беради.

Франциядаги вазият 

Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.  

Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.

Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.

Тартибсизликларнинг биринчи кечасида 150 нафар киши ҳибсга олинган. Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон  Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Париж тартибсизликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг