Францияда уйнинг ертўласидан 700 йиллик қабр топилди
Бу қизиқ
−
12 Октябрь
9715Францияда уйининг ертўласини таъмирлаётган эркак одам скелетига дуч келди. Бу воқеа қазишмалар олиб боришга сабаб бўлиб, оқибатда ўнлаб қабрлардан иборат 700 йиллик қабристон топилди. Бу ҳақда “Live Science” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Франциянинг Корбей-Эсон шаҳрида жойлашган уй ўрта асрлардаги ибодатхона ўрнида қурилган. Уйнинг эгаси илк бор 2023 йил қишда қабристонга дуч келган. Ҳозирга келиб, археологлар яна 38 қабрни очишга эришган. Улар 52 квадрат метр майдондаги тўртта хонада жойлашган.
Қайд этилишича, энг қадимий қабр эрамизнинг III асрига (Рим империяси даври) тегишли. У ерда, шунингдек, Меровинглар ҳукмронлиги даврининг дастлабки йилларига тегишли бўлган ўнта гипсли саркофаг топилган (476 йилдан 750 йилгача давом этган давр). Энг сўнгги дафн эса X асрга тегишли.
Нашрга кўра, қабрларнинг аксарияти параллел қаторларда жойлашган. Рим империяси даврида вафот этганларни ёғоч тўсиқларга қўйилган ҳолда белгиланган тартибда дафн қилишган. Меровинглар даврига тегишли гипсли саркофаглар бир-бирига яқин жойлашган ва ёй шаклида ўрнатилган. Саркофаглардан бирининг устига дастлаб розетта шаклидаги нақшлар ва иккита хоч тасвири туширилган тош плита қўйилган – бу нақшлар ўша даврда кенг тарқалган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган “Кумушкон” маҳалласининг шимолидаги фермер хўжалигига олиб борувчи йўлнинг қурилиши жараёнида тасодифан қадимги даврга оид қабр қолдиқлари аниқланган эди.
LiveБарчаси