Франция ЕИ ва Британияни Фаластинни тан олишга ундаяпти

Олам

image

Франция келаси ой Бирлашган Миллатлар Ташкилоти анжуманида Буюк Британия, Нидерландия ва Бельгия каби Европа давлатларини Фаластин давлатини биргаликда тан олишга чақирмоқда. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Париж Ғазо секторида давом этаётган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга босим кучаяётган бир пайтда Фаластин давлатини тан олиш йўлида қатор ҳаракатларни йўлга қўймоқда. Франция Президенти Эммануэль Макрон ушбу анжумандан Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик музокараларини қайта бошлаш учун фойдаланмоқчи. Унга кўра, бир нечта Европа давлатларининг Фаластин давлатини расмий тан олиши ва айрим Яқин Шарқ давлатларининг Исроилни тан олиши бу жараёнда муҳим қадам бўлади.

“Икки давлатли ечим ҳар қачонгидан ҳам зарур, бироқ уруш, фаластинликларнинг мажбурий кўчирилиши ва экстремистик яҳудий кўчманчиларнинг зўравонлиги туфайли у ҳар қачонгидан кўра кўпроқ издан чиқмоқда”, деган анонимлик шарти билан гапирган француз дипломати.

Қайд этилишича, Исроилнинг бомбардимон кампанияси ва 3 ойлик блокадаси Ғазо секторида фуқаролар учун озиқ-овқат, сув ва дори-дармон етказиб берилишини кескин чеклаб, гуманитар фалокатни келтириб чиқаргани боис Париж Саудия Арабистони билан ҳамкорликда ўтказаётган анжумандан кутган натижаларини пасайтиришга мажбур бўлган.

“Араб давлатлари давлат тан олинишини эмас, санкцияларни истаяпти”, деган бир европалик дипломат.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармернинг матбуот котиби ўтган ҳафта мамлакат Фаластин давлатчилигини шакллантиришга асос яратишда имкон қадар ёрдам бериш учун иттифоқчилар ва минтақа давлатлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтганди.

Агар бу амалга ошса, Франция ва Буюк Британия Фаластин давлатини тан олган биринчи G7 давлатлари бўлади. Бу эса фаластинликлар томонидан ўнлаб йиллардан бери талаб қилинаётган масала.

Исроил эса Франциянинг дипломатик ҳаракатларини доимий равишда танқид қилиб келмоқда. Хусусан, уларни ҲАМАС гуруҳини қонунийлаштириш ва 2023 йил октябрь ойидаги ҳаракати учун мукофотлаш деб баҳоламоқда. Шунингдек, Тель-Авив Париж ва Лондоннинг Фаластинни тан олишини ҳам худди шундай баҳолаши кутилмоқда.
Маълумот учун, ҳозирда БМТнинг 140 дан ортиқ аъзоси Фаластин давлатини тан олган, ўтган йили Испания, Ирландия ва Норвегия ҳам бу рўйхатга қўшилган. Шу билан бирга, кўплаб Шимолий Африка ва Яқин Шарқ давлатлари Исроилни тан олмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони ва Франция жорий йилнинг июнь ойида Исроил иштирокисиз БМТ ҳомийлигида Нью-Йоркда Фаластин давлатини тан олиш бўйича халқаро анжуман ўтказиши маълум қилинганди.  БМТ аъзо давлатларига юборилган таклифномаларда анжуман “қайтиб бўлмас нуқтага айланиши, босқинни тугатиш ва икки давлатли ечим асосида доимий келишувни илгари суриш учун йўл очиш” мақсадида ташкил этилиши таъкидланган.

Жалолиддин Раҳмонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Франция Британия Фаластин ЕИ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made