Франция уйғурлар геноциди учун Хитойдан “ўч олмоқчи”

Олам

image

Францияда Парламент мухолифат партия илгари сурган таклифни қўллаб-қувватлаб, Хитойни мамлакатдаги озчилик ҳисобланган уйғурларнинг геноциди ва инсон ҳуқуқларининг топталишини тўхтатишга чақирувчи ҳужжатни қабул қилди. 

Социалистик партия томонидан илгари сурилган таклиф бир неча бошқа партиялар қўллови остида 169 та овоз тўплаган. 

Яқин кунларда бошланиш арафасида турган қишки олимпия ўйинлари олдидан Франция ҳукумати Пекиндан нафақат Хитойдаги уйғур озчилигини камситиш, балки Европа, ҳусусан, Франциядаги уйғур миллатига мансуб шахсларга нисбатан тазйиқ ўтказмасликни талаб қилган. 

Бундан ташқари, Хитой ҳукуматидан олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида уйғурларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланмаслик сўралган. 

Парламентдан фарқли ўлароқ, 2021 йил декабрь ойида Франция Президенти Эммануэль Макрон Хитойда бўлиб ўтадиган қишки олимпия ўйинларини сиёсийлаштирмасликни таклиф қилган эди. 

БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг билдиришича, ҳозирда Хитойнинг ғарбий ҳудудида жойлашган Шинжондаги қайта тарбиялов лагерларида камида 1 миллиондан ортиқ уйғур миллатига мансуб маҳбуслар сақланмоқда.

Анчадан буён таниқли Ғарб сиёсатчилари ва инсон ҳуқуқлари фаоллари Хитой ушбу лагерларда уйғурланинг геноциди ва уларни стериллаш билан шуғулланиб келаётгани ҳақида бонг урмоқда. 

Аммо, Хитой мамлакатда инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши билан боғлиқ барча айбловларни рад этиб келади. Унга кўра, Шинжондаги лагерлар экстремизмга қарши курашиш ва тўғри йўлдан адашган шахсларни қайта тарбиялашга мўлжалланган. 

Бундан аввал, 2021 йил февраль ойида Хитойда уйғурлар геноцидига қарши Нидерландия Парламенти ҳам ҳудди шундай ҳужжатни қабул қилган эди. 

Ўзига қўйилган барча айбловларни инкор қилиб келувчи Хитой, табиийки, бунга қарши баёнот билан чиққан. Хитойнинг Гаагадаги (Нидерландия ғарбидаги шаҳар) элчихонаси айбловларни “тўғридан-тўғри ёлғон” дея атаб, Нидерландия ҳукуматини Хитой ички ишларига аралашишда айблаган.
 
Қатор Ғарб давлатлари каби АҚШ, Британия ва Австрвлия ҳам Хитойдаги инсон ҳуқуқларининг мунтазам ва ашаддий равишда поймол қилинишига қарши намойиш сифатида, 2022 йилги Пекин қишки олимпия ўйинларига бойкот эълон қилиб, унда қатнашмасликларини билдирган.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

334

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг