Франция уруш иқтисодиёти даврига кирди – Макрон
Олам
−
13 Июнь 2022
9226Франция Президенти Эмманюэль Макрон Украинадаги вазият туфайли республика уруш иқтисодиёти даврига кирганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари Мудофаа вазирлигидан 2019-2025 йилларга мўлжалланган ҳарбий дастурлар тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқишни сўраган.
“Мен вазир ва Қуролли Кучлар Бош штаб бошлиғидан яқин ҳафталарда геосиёсий ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда ҳарбий дастурлар тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқишни сўрадим”, деган Макрон Eurosatory-2022 халқаро қурол-яроғ саноати кўргазмаси очилишида сўзлаган нутқида.
Ушбу ҳужжат Франция Қуролли Кучларни таъминлаш учун ажратадиган кўп йиллик харажатлар дастурини яратишга қаратилган.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йилдан 2025 йилгача Франция қуролларини модернизация қилиш дастурини молиялаштириш учун 295 миллиард евро ажратиш режалаштирилган.
Макрон шу ҳафта Руминияга ташрифи чоғида Украина можароси бошланганидан бери у ерда жойлашган француз қўшинлари билан учрашади. Франция матбуотига кўра, Руминияда 500 га яқин француз аскари жойлашган.
Eurosatory — 1967 йилдан бери ўтказиб келинаётган қуруқликдаги кучларнинг қурол-яроғ ва ҳарбий техникасининг Европадаги энг йирик кўргазмаси. Навбатдаги кўргазма жорий йилнин 13-17 июнь кунлари Парижда бўлиб ўтади. Экспозицияда қурол-яроғ соҳасида 1,8 минг мутахассис иштирок этмоқда.