Франция “Толибон” ҳукуматини тан олмайди. Париж ҳаракатни ёлғончиликда айблади

Олам 6613
image

Франция “Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда тузган янги ҳукуматини тан олмайди ва улар билан ҳеч қандай алоқа қилмайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан маълум қилди.

“Франция бу ҳукуматни тан олишни ёки улар билан бирор алоқада бўлишни рад этади. Биз улардан ҳаракат кутамиз. Биз бир қатор шарт қўйдик”, деган Ле Дриан “France 5” телеканали эфирида.

Унинг таъкидлашича, шартлар орасида мамлакатдан чиқиб кетишни истаган ҳар бир кишига рухсат бериш, “Толибон” назорати остида бўлмаган ҳудудларга гуманитар ёрдам етказиб бериш имкониятини яратиш, аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва “Ал-Қоида” билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш бўлган.

“Улар бир неча марта чет элликлар ва афғонларнинг мамлакатдан ҳеч қандай тўсиқсиз чиқиб кетишига рухсат беришини ҳамда инклюзив ва вакиллик ҳукумати тузилишини айтишди. Аммо улар ёлғон гапиришяпти. Натижа йўқ”, деган вазир.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган ҳарбий операция жорий йилининг 31 август куни якунланди. Аҳамиятлиси, америкаликлар мамлакатни тарк этишга улгурмасидан жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади.

ПрезидентАшраф Ғани бошлиқ АҚШ этовидаги ҳукумат ағдарилди. Президент Ғани мамлакатдан қочиб кетди. Ҳозирда Афғонистонда "Толибон" билан фақатгина Миллий қаршилик фронти курашмоқда. Толиблар қаршилик кучларининг маркази бўлган Панжшер вилоятига ҳам кириб боришди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 124
Рейтинг: 3
t
×