Франция собиқ Президенти Саркози қамалди

Олам

image

Бугун, 1 март куни Париж суди Франциянинг собиқ Президенти Николя Саркозини коррупцияда айбдор деб топди. Бу ҳақда BBC нашри ёзмоқда.

Хабарга кўра, собиқ Президентга 3 йил қамоқ жазоси берилган. Николя Саркози шу муддатнинг 2 йилини шартли равишда озодликда ўтказади.

Шу тариқа Николя Саркози Франция тарихида ҳақиқий қамоқ жазосини олган биринчи Президентга айланмоқда.

Бунгача, Саркозидан олдин мамлакатни бошқарган Жак Ширакка нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилган, бироқ собиқ Президент касал бўлгани сабабли фақат шартли 2 йиллик муддат олиб, ҳақиқий қамоқ жазосидан қутилиб қолган.

Собиқ Президент Саркози нима учун қамалди?

Дастлаб терговчилар 2007 ва 2012 йиллардаги Саркозининг сайлов кампанияларини молиялаштириш жараёнини ўрганиб чиқди. Терговчилар Саркозини керагидан ортиқ маблағ сарфлаган, деб ҳисоблаб, “L'Oreal”нинг эгаси миллиардер Лилиан Бетанкурдан ва Ливия раҳбари Муаммар Қаззофийдан ноқонуний хайрия маблағларини олганликда гумон қилди.

Аммо, кейинчалик Саркозига бошқа айбловлар қўйилди – бу сафар коррупция ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш.

Терговчиларнинг фикрига кўра, Саркози бўлажак Франция Президенти сифатида Бетанкур хайрия иши бўйича терговга таъсир ўтказишга ҳаракат қилган ва судья Жильбер Азиберга тергов жараёни тўғрисида маълумот олиш эвазига мансабда кўтарилиш ва Монакода “шинам жой” таклиф қилган.

Айблов Саркози ва унинг адвокати Тьери Эрцог ўртасидаги телефон суҳбатларининг ёзувлари асосида амалга оширилган. Бунинг учун адвокат Тьери Эрцог ҳам собиқ Президент билан суд қилинмоқда.

Маълумот ўрнида, Николя Саркози – Францияни 2007-2012 йилларда бошқарган мамлакатнинг 23-Президенти. Саркози Президент бўлганча турли хил вазирликларда фаолият олиб борган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Саркози

Баҳолаганлар

281

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг