Франция Президенти Админстрацияси “раҳбари” қўлга олинди
Олам
−
23 Январь 2023
11095Бугун, 23 январ куни Исроилнинг Нетаня шаҳрида яшовчи фуқаро фирибгарликда гумонланиб, маҳаллий полиция томонидан қўлга олинди. У ўзини Елисей саройи бош котиби қилиб кўрсатишда айбанган. Бу ҳақда Исроилдаги маҳаллий “Yedioth Ahronoth” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил полицияси гумонланувчини франциялик ҳамкасблари сўрови асосида қўлга олган. Тергов тахминан икки ой олдин Франция ҳукумати ўзини Франция президенти идораси раҳбари деб таништирган исроиллик фуқаро ҳақида маълумот олганидан кейин бошланган. Бундан ташқари, эркак бир қатор Европа давлатларининг элчилари билан телефон орқали боғланиб, шахсий манфаатини кўзлаб уларни чалғитишга уринган.
Бугун эрталаб Исроил полицияси гумонланувчини пойтахт Тель-Авивдан 30 км узоқликда жойлашган Нетаня шаҳридан топишган. У Нетанянинг 40 ёшли фуқароси бўлиб чиққан. Унинг уйини тинтув қилиш чоғида сохта муҳрлар, шу жумладан, Монако князлиги давлат органлари штампларининг нусхалари топилган.
Маълумот учун, Елисей саройининг бош котиби Франция Президенти девонининг раҳбари бўлиб, давлат раҳбарининг маслаҳатчилари гуруҳини бошқаради. Унинг вазифаларига, хусусан, президент маслаҳатчилари фаолиятини мувофиқлаштириш, Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш киради. Лавозим биринчи марта 1849 йилда Иккинчи Республика даврида яратилган ва ҳозирда бу лавозимда Алексис Коҳлер (2017 йилдан бери) ишлаб келмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси