Франция халқи карантинда ўтирибди. Амалдорлар эса айш-ишратда

Олам 5229
image
-

Жорий йилнинг 4 апрель куни Париж прокурори мамлакат ҳукумати аъзолари иштирокида махфий базмлар уюштирилгани, унда карантин қоидаларига риоя қилинмагани тўғрисида тергов ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда маҳаллий “Le Figaro” нашри ёзмоқда.

Маълум қилинишича, 2 апрель куни шундай базмлардан бирининг видеоси Франциянинг М6 телеканали томонидан намойиш этилган. 

Қайд этилишича, кадрлар Париждаги ресторанлардан бирида яширин камера билан олинган. Видеода меҳмонларнинг масофани сақламасдан ва ниқоб тақмасдан ўтиргани, баъзиларининг, ҳатто, бўса олаётгани акс этган. 

Махфий кечки базмларни ташкиллаштирган гувоҳ исми сир қолиши шарти билан меҳмонлар орасида вазирлар ҳам бўлганини маълум қилган.

Маҳаллий телеканалнинг ушбу лавҳаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда Франция ҳукуматининг айрим аъзоларини ғазаблантирган. 

Ўз ўрнида, мамлакатнинг Иқтисодиёт ва молия вазири Брюно Ле Мэр вазирларга ҳам бундай жойларга эмин-эркин киришга рухсат йўқлигини таъкидлаган. Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен эса ушбу маълумотларини текширишни талаб қилган.

Кейинроқ “Le Parisien” нашрининг ёзишича, репортаждаги сирли гувоҳ тезда аниқланган. Бу Париждаги “Palais Vivienne” номли қаср эгаси Пьер-Жан Шалансон бўлиб чиққан. Шалансоннинг адвокати вазирларнинг махфий кечаси ҳақидаги гаплар ҳазил эканини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Францияда ресторан ва кафелар 2020 йил октябридан бери ёпиқ. Жорий йилнинг 3 апрелидан пандемиянинг учинчи тўлқини бошланиши сабаб бутун мамлакат бўйлаб қайта карантин жорий этилган. 

Франция аҳолиси комендантлик соатларига риоя қилиши шарт, фақат зарур маҳсулотлар савдоси билан шуғулланадиган дўконлар очиқ. Мактаблар ва болалар боғчалари уч ҳафтага ёпилган.

Франция коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда турибди. Мамлакатда 4,9 миллион касалликни юқтириш ҳолати аниқланган ва улардан 97 минг нафари вафот этган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 109
Рейтинг: 3
t
×