Франция Қозоғистонни “қўлга олмоқчи” бўлган Аблязовни ташқарига улоқтиряпти

Олам

image

Франция ҳукумати “Банк Туран Алем” АЖ (БТА Банк) собиқ раҳбари Мухтор Аблязовни қочқинлик мақомидан маҳрум қилди. Бу ҳақда кеча, 21 декабрь куни бошпана масалалари бўйича миллий судга таяниб “Le Figaro” газетаси хабар берди. 

“Франция Қозоғистондаги таъқиблардан қўрққан мухолифат етакчиси Мухтор Аблязовнинг қочқинлик мақомини олиб ташлади”, деб ёзади газета.  

Суд Аблязовни катта ҳажмда ўғирлик қилган, деб ҳисоблаш учун жиддий асослар борлиги сабабли экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилган. 

Суд қочқинлар мақомини тартибга солувчи Женева конвенциясига мурожаат қилди. Бу, хусусан, оғир жиноят содир этган шахсдан қочқинлик мақомини олиб қўйиш имконини беради. Бу қоида жиноятчи жазодан қочмоқчи бўлган ҳолатларда қочқинлик мақомидан фойдаланишини истисно қилиш учун мўлжалланган.

Аблязов иши

Мухтор Аблязовга нисбатан Россия, Қозоғистон ва Украинада жиноий иш қўзғатилган. Қозоғистонда Аблязов 7,5 миллиард долларни ўзлаштиришда айбланмоқда. Унга нисбатан иш 2009 йилда қўзғатилган, шундан сўнг банкир мамлакатдан қочиб кетган ва Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган. Россияда суд Аблязовни сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

2013 йилнинг июлида Аблязов Францияда ҳибсга олинган эди. Унинг экстрадиция қилинишини бир вақтнинг ўзида Россия ва Украина сўраган. Натижада, Россия сўровига устунлик берилди, 2015 йил сентябрь ойида Франция ҳукумати судланувчини Россияга экстрадиция қилишни буюрди. Аблязовнинг ҳимоячиси унга нисбатан қўзғатилган иш сиёсий сабабларга кўра эканлигини ва экстрадиция ҳақидаги қарорнинг бекор қилинишига эришилганини айтди. 

2018 йилнинг ноябрида Қозоғистон суди собиқ банкирни сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Кейин у кредит ташкилоти бошқарувининг собиқ раиси Ержан Татишевнинг ўлдирилишини уюштирганликда айбдор деб топилди. 

2020 йил сентябрида Аблязовга Францияда сиёсий қочқин мақоми берилди, бироқ октябрда у ҳибсга олиниб, “ишончни суиистеъмол қилиш” ва “пул ювиш”да айбланди. Жорий йилнинг январь ойида унга нисбатан қўйилган жиноятлар бўйича даъво муддати ўтгани боис иш тўхтатилди. 

Январь ойи бошида Қозоғистондаги тартибсизликлар фонида Мухтор Аблязов “Reuters” агентлигига берган интервьюсида Олма-Отадаги намойишчилар ҳар куни ундан қандай ҳаракат қилиш кераклигини сўрашганини айтди. У, шунингдек, агар норозилик етарлича кенгайса, Қозоғистонга қайтиб, “муваққат ҳукумат”ни бошқариш ниятида эканини айтди. У мамлакатидаги тартибсизликлар вақтида одамларни маъмурий биноларни эгаллашга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

297

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг