Фоторадарга тушган қарздорлар ушланмоқда
Жамият
−
10 Апрель 2019
7366Автомобил йўлларида қоидабузарликни содир этиб, белгиланган муддат ичида жаримани тўламай юрган транспорт воситаси эгаларидан жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Айни пайтда Тошкент вилоятининг “Олмаота – Бишкек – Тошкент – Термиз” (Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятини боғловчи йўл), “Тошкент – Ўш” (Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятини боғловчи йўл) ва “Бектемир – Чирчиқ – Ғазалкент – Чорбоғ” (Тошкент шаҳри ва Бўстонлиқ туманини боғловчи йўл), “Тошкент – Тўйтепа” автомобиль йўлларидаги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари (фоторадарлар) онлайн режимда ишламоқда. Улар ёрдамида 2019 йил бошидан буён 17242 қоидабузарлик аниқланди. Шу кунга қадар 3421 шахсдан белгиланган жарима ундирилди. Ҳозирда 60 кун муддат ичида жаримани тўламасдан юрган 1175 транспорт воситаси эгасидан жаримани ундириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, уларни аниқлаб, чора кўришда “АUTO CON” мосламаси ёрдамидан фойданилмоқда. Қисқа вақтда 216 ана шундай қоидабузар ҳайдовчи аниқланиб, уларнинг автомашинаси жарима ундирилгунга қадар вақтинчалик жарима майдонига қўйилди.
Куни кеча Янгийўл шаҳрида ўтказилган рейд чоғида “Ласетти” русумли автоулов “АUTO CON” мосламаси орқали олинган маълумот асосида тўхтатиб, текширилганда автомобиль эгаси 6 марта тезликни ошириш қоидабузарлигини содир этиб, 5 миллион 59 минг 35 сўм миқдорида жаримани тўламасдан юргани аниқланди. Бу машина ҳам жарима майдонига жойлаштирилди.
Шу ўринда автомобиль эгалари диққатига маълум қиламизки, ҳайдовчилар қоидабузарлик содир этгани ҳақида маълумот олиш учун 8860 қисқа рақамига машинасининг давлат рақамини ҳамда транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серия ва рақамини СМС орқали юбориб, билиб олиши мумкин бўлади. СМС хабарда қоидабузарлик содир этилган сана ва жарима миқдори ҳам маълум қилинади.
Қоидабузарлик бўйича белгиланган жарималар эса банклардаги “Мунис” тизими, пластик картадан “Click”, “PayMe” иловалари орқали ҳам қабул қилинади.