Форма ва қиммат дарслик ғами билан чалинган биринчи қўнғироқ
Жамият
−
05 Сентябрь 2022
8242Мажбурий мактаб формаси, қимматлашган мактаб дарсликлари ижараси. Катта муҳокамаларга сабаб бўлган мана шундай муаммолар билан янги ўқув йили ҳам бошланди!
5 сентябрда мамлакатдаги 10 130 та мактабларда “Биринчи қўнғироқ” тадбири бўлиб ўтди. QALAMPIR.UZ мухбирлари эса икки хил шароитдаги ва икки хил манзилдаги мактабларга бориб, болаларини мактабга етаклаб келган ота-оналар билан суҳбатлашди ҳамда уларнинг мажбурий мактаб формаси, дарсликлар ижара тўловининг ошгани борасидаги фикрларини ўрганди.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани 234-мактабда бўлган мухбиримиз Феруза Нажмиддинова ота-оналар мажбурий мактаб формасига қарши эмаслигини, бироқ жорий этилаётган форманинг сифати уларни қониқтирмаётганини айтмоқда.
• “Биринчидан, бу формани биз бозорда кўрдик. Талабга жавоб берадиган даражада тикилмаган. Бу шошқалоқлик оқибати бўлиши ҳам мумкин. Лекин форма жорий қилиниши керак, фақат ҳозир эмас. Чунки ҳар хил ота-оналар бор. Бирови форма олиб беролади, бирови олиб беролмайди, кимгадир қимматлик қилади, кимгадир арзон”.
• “Ҳамма ола-була бўлиб юргандан кўра бир хил бўлиб юрса чиройли бўлади. Формалар тикилишини кўрдим, яхши экан”.
• “Сифати талабга жавоб беради. Ҳамма мактабларда ярмарка ташкил қилинди, ўшалардан биз ҳам олдик”.
Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактабига борган бошқа бир мухбиримиз Ҳулкар Муртазоева эса тадбирдаги мактаб ўқувчиларининг деярли барчаси олдингидай оқ-қора формадалигини, ота-оналарнинг ҳам кўп қисми оқ кўйлак, қора рангли шим ва юбкани маъқул кўраётгани гувоҳи бўлди. Аммо вилоятда ҳам мажбурий мактаб формасини хоҳловчилар йўқ эмас.
• “Ҳозирги оқ-қоралар яхши. Кўпларнинг имконияти етмайди, деб ўйлайман. Масалан, менинг набираларимнинг отаси йўқ. Шунинг учун бирор ҳомий берган кийимни кийишаверади. Чунки ҳохлаганини олишолмайди”.
• “Менга ўзимизнинг давримиздаги формалар маъқул эди. Чунки кимнингдир қурби етади, кимникидир йўқ. Шунинг учун бир хил форма бўлса, кимнидир камситиш бўлмайди”.
• “Оқ кўйлак, қора шим арзонга тушади-да. Битта форманинг пулига иккита болани кийинтирса бўлади. Уч-тўрт фарзанди борларга қийинда”.
Шунингдек, у ҳудуд депутати Шуҳрат Маҳмудовга бу мавзудаги фикрларини эшитиш мақсадида микрофон тутди.
• “Менимча, шундай бўлиши керак эди. Кўникиб кетамиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Чунки бошқа дунёларда нархлар бундан ўн баравар, юз баравар қиммат”.
Сўнгги кунларда мактаб дарсликларининг нархи ошгани ҳам кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Тошкент шаҳрида яшовчи ота-оналар мана бундай фикрда:
“Ўтган йили китоблар яхши нархда бўлган. Шунинг учун ҳар битта ота-она оғринмай бера оларди. Ошганига келадиган бўлсак, халқ қийналади, деб ўйлайман”.
“Нархлари ўртача, унақа қиммат эмас. Бизнинг ҳам иккита фарзандимиз ўқийди”.
“Энди давлат ёрдам бериб текин қилса яхши. Бўлмаса, тўлашга мажбур бўламиз”.
Улардан фарқли равишда Тошкент вилояти Янгийўл тумани аҳолиси дарсликлар нархи ошганидан бутунлай норози.
“Ҳозир ҳам шуни гаплашиб келяпман. Бу нарх бир йилга қиммат-да”.
“Бу ерда одамлар, асосан, деҳқончилик билан шуғулланади. Завод-фабрикалар кам, бўлса ҳам поликлиника ва мактабда ишлашади. Қолган ҳамма деҳқончилик билан банд. Шунинг учун қанча арзон бўлса шунча яхши. Ўзимизнинг давримиздагидек кутубхоналарда текин берилса бўларди”.
Яқин йиллардан бошлаб мактабларда жорий этила бошлаган “kundalik.com”ни вилоятдаги ва шаҳардаги ота-оналарнинг кўпчилиги ёқласа, аксар ота-оналар оддий кундаликнинг авзаллигини айтмоқда.
Форма масаласи, дасликларнинг ижара нархи ҳақида гапирилар экан, ҳудудларда фарқлар сезилади. Тошкент шаҳридан озроқ узоқлашилганда ҳолат шу бўлса, чекка ҳудудлардаги вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас, бизнингча. Шу сабабли ҳам масъуллар қарор қабул қилишдан олдин кабинетдан ташқарига чиқиб, ҳудудларни, одамларнинг яшаш тарзини ўрганиб, кейин хулоса чиқарадиган пайт келди.
Мухбирлар ота-оналар билан суҳбатлашиш асносида мактабларга ҳам кириб, мактаб директори ва ўқитувчилар билан ҳам ушбу мавзуларда суҳбатлашишни истади. Чунки болалар энг кўп вақтини мактабда ўтказади. Кези келганда таълимга қўшиб тарбияни ҳам мактабдан талаб қиламиз. Устига-устак таълимга киритилаётган ҳар қандай ўзгариш ва янгиликларнинг бош тарғиботчиси ва масъули, керак бўлса, жабрланувчиси ҳам айнан ўқитувчилар бўлади. Айтайлик, ўқув йили бошидан ҳамма оила ҳам фарзандининг китоби учун пул етказиб беролмайди. Китоб пулини йиғиб олишга эса бевосита ўқитувчи масъул. Ўқитувчи ҳали синфхона кирмасдан гапни пул йиғишдан, “фалончиев, китобни пулини қачон олиб келасан?”, дейишдан бошлайди. Қарабсизки, то ноябргача шу гап. 40 дақиқалик дарснинг аввали китоби йўқларни рўйхатга олиш билан бошланиб, охири улардан келаси сафар пулни олиб келишни эслатиш билан тугайди. Пулни вақтида йиғолмаган “бўшроқ” ўқитувчилар ё китоби йўқ ўқувчилар учун юқоридан гап эшитади, ё “шуларнинг чакиги ўчсин”, деб ўз маошидан китоб пулини тўлаб юборади.
Аниқ биламизки, бу масалалар бўйича ўқитувчиларнинг айтаман деса гапи кўп. Лекин директорлар изн бермаса-чи. Масалан, Олмазор туманидаги 234-мактабнинг ўзига хон, кўланкаси майдон директори Насиба Назарова ОАВ билан гаплашиш уёқда турсин “шахсий” мулки бўлган мактабга мухбирларни киритмади.
Одатда мактаб ва ундаги муаммолар ҳақида гап очилганда, ота-оналарнинг эътирозларига ўқитувчиларда ҳам жавоблар талайлиги ҳақида узоқ-узоқлардан пичир-пичирлар қулоққа чалинади. Ўқитувчиларни ҳам эшитайлик, деб уларга микрофон тутмоқчи бўлганимизда эса ўртада катта темир девор пайдо бўлади. Бу девор энг камида ўша мактабнинг директори. Бу сафар ҳам шундай. Хўш, биз ўқитувчиларни қачон эшита оламиз? Улар қўрқмай гапира оладими?
Мавзуни давом эттирамиз, зотан ўқув йили узун. Кўрамиз, олдинда бизни яна нималар кутяпти экан?!
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси