Фитначи Британия ва “катта оға Туркия” – россияликлар Озарбайжон билан муносабатлар кескинлашувига сабабларни нимада кўрмоқда? Иккинчи томончи?

Таҳлил

image

Сўнгги вақтларда дунё сиёсатида муҳокама учун, албатта, қандайдир геосиёсий масала топиш осон бўлиб қолди. Навбат эски танишлар Россия ва Озарбайжонга. Айни кунларда икки давлат муносабатлари жиддий инқирозни бошдан кечирмоқда. Гап шундаки, ўтган ой охирида Екатеринбургда тахминан 50 нафар этник озарбайжонлик ҳибсга олинган ва уларнинг икки нафари, ака-ука Сафаровлар вафот этган. Табиийки, Баку бунга норозилигини яшириб ўтирмади, мамлакатдаги россиялик журналистлар жосусликда гумонланиб ҳибсга олинди. Россияда эса ҳамон озарбайжон диаспорасига рейдлар давом этмоқда. Аммо бу ҳаммаси эмас. Баку ва Москва ўртасидаги муносабатлар сал олдинроқ дарз кетишни бошлаганди. Мақолада ушбу омиллар ва бир-бирини айблаётган икки тараф сиёсатчилари фикрлари ҳақида сўз боради.

Россия ва Озарбайжон муносабатларини кескинлаштириб борган вазиятлар

Озарбайжон самолётининг ҳалокати. Москва ва Баку ўртасидаги кескинлашув 2024 йилнинг 25 декабрида Қозоғистоннинг Ақтау аэропорти яқинида Озарбайжон йўловчи самолётининг ҳалокатга учраши билан юзага чиқа бошлади. Ўша куни Баку-Грозний йўналишида учаётган Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолёти ҳалокати оқибатида бортдаги 67 кишининг 38 нафари ҳалок бўлди. Кейинчалик Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев самолёт ердан ўқ узилиши оқибатида Россия осмонида зарар кўрганини таъкидлади.

Россия Президенти Владимир Путин озарбайжонлик мавқедоши билан телефон суҳбатида фожиа учун узр сўради. Алиев эса Москвадан айбни тан олиш, айбдорларни жазолаш ва жабрланганларга товон тўлашни талаб қилди ҳамда Россияни “ҳодисани яширишга уриниш”да айблади. Якунда эса масала барибир очиқлигича қолди.

Бакуда “Рус уйи” ёпилиши ва Алиевнинг Ғалаба парадида иштирок этмаслиги. Самолёт ҳалокати ортидан бошқа воқеалар ҳам юз берди. 2025 йил февралида Бакуда қарийб 30 йилдан бери фаолият юритиб келган “Рус уйи” ўз фаолиятини тўхтатди. Маълумотларга кўра, бунга сабаб ташкилотнинг зарурий рўйхатдан ўтмагани бўлган.

Россия Давлат думаси депутати Николай Валуев Бакунинг “Рус уйи”ни ёпиш қарорига изоҳ берар экан, Россиядаги миллий диаспоралар фаолиятига эътибор қаратишни таклиф этди. У бундай диаспоралар маданий алмашинув ҳақида эмас, кўпроқ катта ноқонуний пуллар ҳақида эканини таъкидлади. Бунга жавобан Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Валуевни “персона нон грата” деб эълон қилди ва унга мамлакатга киришни тақиқлади. Май ойида Москвадан ҳам шунга ўхшаш жавоб келди: озарбайжонлик депутат Азер Бадамовга Россияга кириш тақиқланди.

Икки давлат муносабатлари совушининг яна бир белгиси Илҳом Алиевнинг 9 май куни Москвада бўлиб ўтган Ғалаба парадида иштирок этмаганидир.

Нахичевонда Россия ҳарбийларининг ўлими. 2023 йилнинг сентябри сўнггида Тоғли Қорабоғда юз берган фожиали ҳодисалар ҳам Россия ва Озарбайжон ўртасида кескинликка сабаб бўлди. Кузатув постидан қайтаётган рус тинчликпарвар ҳарбийлари ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлди. Озарбайжон Бош прокуратурасига кўра, озарбайжон ҳарбийлари мазкур транспортни хатолик оқибатида арман ҳарбийларига тегишли деб ўйлаган. Ўша куни Россия тинчликпарвар кучларига тегишли бўлган “КамАЗ” юк машинаси ҳам ўққа тутилган. Маълумотларга кўра, олти нафар Россия ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Алиев Путиндан узр сўраб, айбдорлар жазоланишига ваъда берди. Кейинроқ Озарбайжон Қуролли кучлари корпуси қўмондони вазифасидан четлатилгани маълум қилинди.

Украина борасида позициялар фарқи. Озарбайжон мустақиллик давридан буён Украина давлатининг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. Озарбайжон 2014 йилда Қримни Россия таркибида тан олмаслигини айтиб, БМТда баёнот берган. Шунингдек, Алиев 2022 йилнинг апрели, яъни Украинага рус босқинининг учинчи ойида Баку ўз позицияга содиқ қолишини яна бир бор таъкидлади.

2023 йил декабрь ойида россиялик журналист Алексей Сочнев украиналик ҳарбий журналистнинг бир постига эътибор қаратди. Гап шундаки, Украина Қуролли кучлари учун ўқ-дори ишлаб чиқарувчи ҳамкорлар суратлари орасида Озарбайжоннинг Palladium компаниясига тегишли рамзлар акс этган, деб тахмин қилинди. Бироқ компания буни инкор этди. 2024 йилнинг апрелида эса Алиев шундай деди:

“Биз Украинага қурол етказмаяпмиз, биздан сўрашса ҳам, буни қила олмаймиз. Биз буни очиқ айтамиз – қилмаймиз. Гуманитар ёрдам – ҳа. Қурол – йўқ”.

Ўзаро ОАВ кураши. 2022 йил февралда Россия Украинага бостириб киргач, “Росскомнадзор” айрим озарбайжон янгилик сайтларига киришни чеклай бошлади. Масалан, ўша йилнинг мартида “Haqqin.az” ва “Minval.az” манбаларига чекловлар қўйилди. Июнь ойига келиб эса Озарбайжонда РИА Новости сайтига кириш блокланди. Озарбайжон ТИВ бу қарорни агентлик “тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси” вакилининг сўзлари тарғиб қилгани билан изоҳлади.

2025 йил май ойида эса Озарбайжон ҳудудида Россиянинг “Царьград” телеканали блокланди. Бундан ташқари, сўнгги можаролар давомида 30 июнь куни Озарбайжон полицияси “Спутник Озарбайжон” офисида ўтказилган операция чоғида нашрда ишлаётган ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати агентлари деб гумон қилинаётган икки шахсни қўлга олди. Қатор ОАВ эса ушбу шахслар нашр фаолиятини “ноқонуний молиялаштириш” билан шуғуллангани учун ушлангани ҳақида хабар берди. Озарбойжон Ички ишлар вазирлиги бўлса, бу ҳолатга янада аниқлик киритди ва “Спутник Озарбайжон” агентлигининг фаолияти жорий йил февраль ойидаёқ расман тўхтатилган бўлса ҳам нашр ўз ишини ноқонуний равишда давом эттирганини маълум қилган.

“Катта ўйин” – Россия жамоатчилиги Озарбайжон билан муносабатларга қандай баҳо бермоқда?

Россиялик сиёсатшунос Вадим Сипров “ForPost” нашрига берган интервьюсида ҳозирги можароларга “катта ўйин”нинг бир қисми ўлароқ қараш кераклигини айтди. Унинг тушунтиришича, гап АҚШ таъсири заифлашуви фонида кучайган Буюк Британия ва Россия ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршилик ҳақида кетмоқда.

“Бу ўйинга мамлакатимизга қарши Финландиядан тортиб Қозоғистонгача бўлган барча қўшни давлатлар жалб қилинган. Албатта, Беларусь бундан мустасно. Бу ўйинда Озарбайжонга муҳим роль берилган: парда ортидаги Буюк Британия Баку ва Анқара ўртасидаги яқин алоқалар, ушбу мамлакатлар етакчиларининг сиёсий амбициялари, бошқарувдаги протурк ва пробритан элиталар, Россия ичидаги кучли озарбайжон лоббиси ва жиноий гуруҳлардан фойдаланмоқда”, деган у.

Вадим Сипров Америка ички ва ташқи бир қанча муаммолар билан банд бўлган бир пайтда бутун постсовет мамлакатлари ичида тарихдаги энг заиф таъсир кучига эга бўлиб турибди, деб ҳисоблайди.

“Яна такрорлайман, ҳозирги Баку билан боғлиқ муаммоларнинг калити Лондонда. Россия Англия ва Америка зиддиятларидан қанчалик муваффақиятли фойдалана олса, озарбайжон элитаси русофоб кайфиятини шунчалик тез жиловлайди. Бу учун асосий шарт – Буюк Британиянинг заифлашуви”, деган сиёсатчи.

“Газета.ru” нашри журналисти, сиёсий шарҳловчи Виталий Рюмшин ҳам Озарбайжон ҳаракатларига нисбатан ўз фикрларини ёзди. У Алиевнинг бундай дадил қадам ташлашига сабаб Арманистон билан кечган можароларда Озарбайжон қўли баланд келгани натижасидаги “муваффақиятдан бош айланиши” эканини билдирди.

“Қарабоғни қайтариб олганидан кейин Озарбайжон ўзини минтақавий куч деб ҳис қила бошлади. Бу ҳолат маҳаллий ОАВдаги ҳозирги риторикадан ҳам аён: улар Россияни Озарбайжонни “кучли миллий давлат” ўлароқ тан олмасликда айбламоқда”, деб ёзган у.

Шунингдек, Рюмшиннинг фикрича, бундай дадилликка асослар ҳам бор. Масалан, Озарбайжон минтақа кесимида ҳақиқатан ҳам кучли ҳарбий давлат бўлиб, Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи учун бирдай муҳим логистика йўлларини назорат қилади. Геосиёсий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, Баку айни дамда яхши вазиятда. Арманистон мағлубиятга учраган. Озарбайжоннинг узоқ вақт давомида амбицияларини жиловлаб турган Эрон ҳозир ўз муаммолари билан ўралашиб юрибди. Озарбайжон томонида эса “катта оға” Туркия бор. Бундан ташқари, Россия Украина босқини фонида бошқа можаро учун катта куч сарфлашга қодир эмас.

Бироқ журналист “Баку қанчалик ҳаволанса-да, Россияда буни жиловлаб қўя оладиган имкониятлар бор”лигини таъкидлайди.

“Шуни унутмаслик керакки, Россияда дунёдаги энг йирик озарбайжон диаспораларидан бири яшайди (ярим миллионга яқин). Бизнинг мамлакат Озарбайжонга пул ўтказмалари бозорининг тахминан 50 фоизини ташкил этади ва уларнинг энг йирик учта савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Бу дегани, Москва Бакуга қандай жавоб бериш мумкинлигини танлашда етарлича имкониятга эга, фақат истак бўлса бас”, дейди у. 

“Московский комсомолец” нашрига интервью берган сиёсатшунос Марат Баширов ҳам бошқа россиялик ҳамкасблари каби фикрда эканини очиқлади. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон – СССР парчаланиши натижасида пайдо бўлган ва “мустақиллик нима олиб келишини ҳам тушунмаган ёш бир мамлакат”.

“Озарбайжон мустақиллик нима олиб келишини англамаган давлатлардан бири эди, ахир уни Туркия ёки Эрон ўзига қўшиб олиши ҳам мумкин эди. Озарбайжон ҳамон мустақил бўлишни ўрганаётган ёш давлат. Унинг Президенти ҳам катта тажрибага эга эмас”, деган сиёсатшунос.

Баширов ҳам Сипров каби бу можаро ортида айнан британияликлар турибди, деб ҳисоблайди.

“Бу доим британияликлар бўлади. Уларда фитна уюштиришга уста тармоқлар мавжуд”, дейди у.

“Россия Озарбайжоннинг мустақил сиёсат юритишига чидай олмаяпти” – озарбайжонлик сиёсатшунослар зиддиятга сабабни нимада кўрмоқда?

Озарбайжон маҳаллий ОАВда ҳам Россия билан кечаётган зиддиятлар табиийки, миллий манфаатлар ўлароқ талқин қилинмоқда. Масалан, Екатеринбургдаги ака-укалар ўлими ваҳшийларча содир этилгани, аммо Россия бу жиноятни уятсизларча “юрак хуружи” деб атаётгани, улар одатдагидек, масъулиятни тан олиш ўрнига, жиноятини ёлғон билан ўраб, айбни Озарбайжонга юклашга уринаётгани ёзилмоқда. Озарбайжонликлар фикрича, Россия минтақада барқарорликни издан чиқариш ва Озарбайжон сабрини синашга ҳаракат қилмоқда.

“Turkustan.az” нашрига интервью берган сиёсатшунос Оқтай Қосимов таъкидича, Озарбайжоннинг мустақил сиёсат юритишини Россия ҳеч қачон қабул қила олмаслиги бунинг барига сабабдир. Чунки Россия барча постсовет давлатларига ўзининг таъсир ҳудуди сифатида қарайди.

“Озарбайжоннинг Туркия билан алоқалари ниҳоятда юқори даражада экани, ҳарбий ва хавфсизлик тизимини замонавий стандартлар асосида шакллантираётгани ҳам Россияга маъқул эмас”, дейди у.

Қосимовнинг фикрича, Россия Озарбайжонга ичкаридан босим ўтказиш имкониятини йўқотган ва энди ташқи таъсир воситалари, хусусан, диаспорадаги ватандошлар орқали бу ишни амалга оширмоқчи.

“Украинага босқини фонида Россиянинг постсовет маконидаги мавқеи тобора заифлашмоқда. Сўнгги уч йил ичида айниқса Жанубий Кавказда Москванинг таъсир доираси кескин торайди”, дейди сиёсатшунос Ризвон Ҳусейнов ўзининг “Konkret.az” сайтига берган интервьюсида.

Унинг фикрича, давлатлараро муносабатлар ёмонлашувига Кремль ичида кечаётган турли ҳукмрон гуруҳлар ўртасидаги кураш сабаб бўлмоқда.

“Бироқ Озарбайжон томони вазиятни диққат билан кузатмоқда ва муносабатларнинг сақланиб қолинишидан манфаатдор”, деган у.

Баку Сиёсатшунослар клуби раиси Заур Маммадов Москва амалга ошираётган бу ишлар очиқдан-очиқ Озарбайжонга диаспора орқали босим ўтказишдир, деган фикрда. “Report.az” сайтига берган интервьюсида у бунинг сабаби Россия МДҲ давлатларининг Ғарб билан яқин ҳарбий-сиёсий алоқаларга киришишидан чўчиши эканини таъкидлаган.

Клуб раисининг фикрича, Озарбайжон Россия учун муҳим логистик йўналиш ҳисобланади. Хусусан, Россия товарларининг Эрон ва Ҳиндистонга чиқиши шу мамлакат орқали амалга ошади. Қолаверса, Украинага босқини учун қўйилган санкцияларга Озарбайжон қўшилмаган. Умуман олганда, Баку Москва учун ҳеч қандай “ғазаблантирадиган иш” қилмаган. Мана шундай ҳолатда ҳам Москванинг кескин ҳаракати фақатгина ўзига зарар келтиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг