“Fitch Ratings” Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши секинлашишини башорат қилди

Жамият

image

“Fitch Ratings” агентлиги жорий йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати прогнозини 3,1 фоизгача пасайтирди ва Ўзбекистон суверен кредит рейтингини ВВ- (барқарор кутилма) даражада баҳолади. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати агентликнинг кеча, 1 апрель куни эълон қилинган ҳисоботи маълумотларига таяниб, хабар берди.

Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва “BB” рейтингига эга мамлакатларга нисбатан юқори ўсиш суръатлари республика суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади.

Бироқ, мамлакатнинг хомашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси ҳамда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.

Қайд этилишича, жаҳонда юзага келган вазият Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг пасайишига, 2022-2023 йилларда жорий операциялар ҳисоби дефицити ва инфляция даражасининг ортишига олиб келади. Агентликнинг янгиланган прогнозига кўра, жорий йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати 3,1 фоизни ташкил қилади. Мазкур прогноз:

•  пул ўтказмалари камайиши туфайли уй хўжаликлари истеъмолининг камайиши;
•  инвестиция лойиҳаларининг кечикиши;
•  ташқи қарз жалб қилиш шартларининг қатъийлашиши;
•  валютанинг кўпроқ қадрсизланиши; 
•  юқорироқ инфляция кутилмалари билан изоҳланган. 

Агентликка кўра, миллий валюта курсининг пасайиши, юқорироқ инфляция кутилмалари ва озиқ-овқат нархлари сабабли 2022 йилда инфляция даражаси ўртача 12,7 фоизни ташкил қилади. 2023 йилда инфляция ўртача 11,6 фоиз даражасида прогноз қилинган бўлса-да, инфляция динамикасига валюта курсининг тебраниши, газ ва электр-энергия тарифларининг эркинлаштирилиши, ноозиқ-овқат ва хизматлар нархининг барқарорлиги таъсир қилади.

“Fitch”нинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги ва кутилмаси қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:

•  макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда ва аҳоли жон бошига ЯИМ миқдорининг “BB” рейтингига эга давлатлар билан фарқи камайганда;

•  “қонун устуворлиги”, “аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик”, “тартибга солиш сифати” ва “коррупцияни назорат қилиш” каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;

•  фискал ва ташқи захиралар сезиларли ошганда.

Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда пасайтирилиши мумкин:

•  ташқи молиявий кўрсаткичлар ёмонлашганда, пул ўтказмаларининг доимий камайиши, ташқи савдо дефицитининг ошиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар соф ҳажмининг камайиши сабабли жорий операциялар ҳисоби манфий сальдосининг ортиши, халқаро захираларнинг сезиларли даражада камайиши ёки ташқи мажбуриятларнинг тез ошиши;

•  иқтисодий ўсиш суръатининг давомий секинлашиши, давлат шартли мажбуриятларининг давлат томонидан қопланиши туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати кескин ошиши ёки суверен фискал буферларнинг камайиши.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг