Финляндияда ядро ёқилғисини 100 минг йил сақлайдиган омбор ишга туширилади
Олам
−
29 Август
3588Финляндия 2026 йилга келиб, тахминан 100 минг йил давомида ишлатилган ядро ёқилғисини сақлайдиган дунёдаги биринчи ерости омборини ишга туширади. Бу ҳақда лойиҳани қуриш учун масъул бўлган Posiva компанияси алоқа бўлими бошлиғи Паси Туоҳимаа CNBC’га маълум қилди.
“Истеъмол қилинган ёқилғини якуний утилизация қилиш масаласини ҳал қилиш бўйича лойиҳанинг бир қисми сифатида биз босим ўтказувчи иншоот ва сақлаш иншоотини қуряпмиз. У ишлатилган ёқилғини бирмунча вақт эмас, балки абадий сақлайди", дейди у.
Телеканал маълумотларига кўра, радиоактив ишлатилган ядро ёқилғиси сув ўтказмайдиган мис идишларга қадоқланади ва 400 метрдан ортиқ чуқурликка кўмилади. У алоҳида конструктив элементлар қисман ишдан чиққан тақдирда ҳам сарфланган ядро ёқилғисини сақлаш хавфсизлигини таъминлайдиган муҳандислик иншооти ҳисобланади.
“Мен буни мўъжиза демоқчи эмасман, лекин Финляндияда сақлаш иншооти қурилгани ва бир-икки йилдан сўнг уни ишга туширишни бошлашимиз жаҳон амалиётида уни жорий этишнинг яхши усули эканлигини англатади”, деди радиокимё профессори Гарет Лою.
Ўз навбатида, Финляндия Атроф-муҳит ва иқлим вазири Кай Мюккянен телеканалга лойиҳа “бутун дунё учун намуна” бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, омбор ядровий чиқиндилар муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради ва айниқса, Осиё ва Қўшма Штатлардаги қазилма энергия манбаларидан фойдаланишни қисқартиради.
Қайд этилишича, унинг қурилиш қиймати 500 миллион еврони ташкил қилади. Финляндиянинг радиация ва ядровий хавфсизлик маркази 2016 йил охирида Posiva компаниясига сақлаш иншоотини қуришни бошлашга рухсат берган. Компания 2015 йил ноябрь ойида Финляндия ҳукуматидан унинг қурилиши учун лицензияни олган, аммо ядровий регулятор лойиҳанинг хавфсизликка таъсир қилувчи омилларни қанчалик ҳисобга олганлигини текширмагунча қабул қилинган тартиб бўйича ишни бошлаш мумкин эмас эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича референдум лойиҳаси Президентга юборилган эди.
LiveБарчаси