Финляндияда тезликни оширган ҳайдовчи 121 минг евро жаримага тортилди. Бу рекордми?

Бу қизиқ

image

Финляндияда мультимиллионер бизнесмен тезликни меъёрдан 30 километр/соатга оширгани учун 121 минг евро (129 минг доллар) миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда маҳаллий “Nya Aland” газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, Болтиқ денгизининг Финляндияга тегишли Аланд ороллари ҳудудида 76 ёшли мультимиллионер Андерс Виклёф тезлик чеклови 50 километр/соат бўлишига қарамай, 82 километр/соат билан ҳаракатланган.

“Мен ростдан ҳам афсусдаман. Тезликни пасайтиришни бошлагандим, аммо бунақа тез содир бўлади, деб ўйламабман”, дейди Виклёф.

Маълумот учун, Скандинавия давлатларида, жумладан, Финляндияда жарималар қоидабузарликнинг оғирлиги ва уни содир этган шахснинг даромадидан келиб чиқиб солинади. Полиция эса ҳуқуқбузарнинг шахсий даромади ҳақидаги маълумотни смартфонлар ёрдамида солиқ тўловчиларнинг марказий маълумотлар базасига уланиш орқали дарҳол текшириши мумкин. Виклёф йилига 350 миллион евролик даромадга эга ҳолдинг компаниясининг асосчиси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унга нисбатан қўлланган жарима миқдори шунчалик юқори бўлган.

Мультимиллионер бундан аввал ҳам икки бор тезликни оширгани учун жаримага тортилган, шунингдек бир марта 10 кунга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Виклёфга солинган жарима рекорд миқдор эмас. Швейцарияда 2010 йилда тезликни соатига 290 километргача оширган ҳайдовчи 1,08 миллион Швейцария франки ёки 1,1 миллион АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилганди. Бу ҳозирча рекорд бўлиб турибди.


Мақола муаллифи

Теглар

тезлик Финляндия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг