Финляндия Туркияга террорчилар масаласида кафолат ваъда қилди

Олам

image

Расмий Хельсинки Туркияга PKK (Курдистон ишчилар партияси) террор ташкилотининг Финляндиядаги алоқаларини диққат билан кузатиш борасида кафолат бериши мумкин. Бу ҳақда Финляндия Ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто “Yle” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Хаависто Хельсинки ва Анқара Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши бўйича  келишувга эришишига умид билдирди. Унинг сўзларига кўра, музокаралар бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Сиёсатчи Туркия билан музокаралар расмий даражада давом этишини  таъкидлади.

Вазирнинг сўзларига кўра, расмий Хельсинки Туркияга PKK террористик ташкилотининг Финляндиядаги алоқаларини янада пухта кузатиб боришини кафолатлаши мумкин.

“БизТуркияга, албатта, бундай кафолатларини бера оламиз. PKK Европада террорчилик ташкилоти сифатида тан олинганлиги сабабли, Финляндияда террорчилик фаолиятига йўл қўймаслик бўйича ўз мажбуриятларимизни бажариш биз учун муҳимдир”, дейди Хаависто.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.

 

Машҳура Жўраева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made