FIDE Жаҳон кубогида сенсация: Нодирбек Абдусатторов Аниш Гирини мағлуб этди

Спорт 4801
image
-

Россиянинг Сочи шаҳрида давом этаётган FIDE Жаҳон кубогининг 1/32 финал босқичида Ўзбекистон номидан иштирок этаётган Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторов навбатдаги босқичга йўл олди. 

Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторов рейтингда ўзларидан юқорида жойлашган шахматчиларни мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди. Синдоров перулик Хорхе Кори устидан икки ўйинда 1,5:0,5 (бир ғалаба, бир дуранг) ҳисобида зафар қучган бўлса, Абдусатторов турнирнинг асосий фаворитларидан бири FIDE рейтингининг 6-поғонасида бораётган, нидерландиялик Аниш Гирини “тай-брек”да (икки ғалаба, икки дуранг) таслим қилди. Бу эса, ўзига хос сенсация сифатида қайд этилди.

Жаҳонгир Воҳидов 1/16 финал йўлланмаси учун ўтказилган илк баҳсда россиялик Павел Понкратовни мағлубиятга учратганига қарамасдан, кейинги уч ўйинда имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди.

16 ёшли Синдоров 4-босқичда польшалик халқаро гроссмейстер Пиорун Каспер билан, 17 ёшли Абдусатторов эса озарбайжонлик Васиф Дурарбайлига қарши дона суради.

Турнирнинг яна бир сенсацияси рейтингнинг иккинчи рақамли шахматчиси АҚШлик Фабиано Каруананинг мағлубияти бўлди. У қозоғистонлик Ринат Жумабоев қаршилигини синдира олмади — 0,5:1,5.

Маълумот ўрнида, умумий мукофот жамғармаси 1 892 500 долларни ташкил қилувчи мусобақа ғолиби 110 000 долларга эга бўлади. Мусобақа 8 августга қадар давом этади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 296
Рейтинг: 3
t
×